Logo

Озодбек Назарбеков: бир-бирига биродар минтақамиз бирлашса, улкан ва қудратли салоҳиятга эга марказга айланади

Ноябрь 15, 2025. 16:54 • 2 дақ

158
Озодбек Назарбеков: бир-бирига биродар минтақамиз бирлашса, улкан ва қудратли салоҳиятга эга марказга айланади

ТОШКЕНТ, 15 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков "Дунё" АА учун интервьюсида пойтахтимизда ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ва янгидан қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида фикр билдирди:

– Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини кузатиб амин бўлдимки, агар бир-бирига биродар бўлган минтақамиз бирлашса, улкан ва қудратли салоҳиятга эга марказга айланади.

Қадимдан Марказий Осиё илм-фан, маданият, санъат ва қадриятлар улуғланган минтақа сифатида қадрланган. Бугун биз давлатимиз раҳбари бошчилигида тарихий анъана ва тажрибаларга суянган ҳолда буюк келажак сари одимлаяпмиз. Маслаҳат учрашувларининг ташкил этилиши ҳам яқин қўшничилик, ўзаро шерикчилик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, ўзаро тажриба алмашиш орқали иқтисодиётни янада ривожлантириш замин яратади.

Юртимизда меҳмон бўлиб турган давлат раҳбарлари ва етакчи экспертлар бағоят улуғвор Ислом цивилизацияси марказини кўриб, ҳайратини яшира олмаяпти. Қадимги меъморий обидаларимиз шаклида бунёд этилган, ноёб миллий гумбаз ва пештоқлар, нақшларнинг ажойиб уйғунлиги ҳар қандай кишида унутилмас таассурот уйғотади.

Бугунги глобаллашган даврда инсоният маданий тараққиётга эҳтиёж сезмоқда. Анъана ва маданиятнинг сусайиши геосиёсий беқарорликни кучайтириши мумкин. Шу сабабли, иқтисодий ўсиш бирламчи омил сифатида кўрилса-да, аждодлардан қолган қадриятлар, ўзаро ҳурмат, ишонч ва инсонпарварлик тамойиллари йўқолмаслиги зарур. Ислом цивилизацияси маркази айнан шу эзгу мақсадда фаолият юритмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Бутун дунёда турли зиддият ва қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган даврда мамлакатимизнинг илғор ташаббус ва ғоялари, Марказий Осиёнинг илм-фан ва маърифат маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаяпти, кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари юртимизда ташкил этилиши ҳамда Марказий Осиёда ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги илғор ташаббуслар Ўзбекистонда маънавий уйғониш даври ҳукм сураётганининг ёрқин ифодасидир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш