Бутунжаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси йиғилишида «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тақдим этилди
Октябрь 26, 2023. 10:41 • 2 дақ
• 1320
РИМ, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Римдаги қароргоҳида Бутунжаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитасининг 51-сессияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда «2023 йил дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш ҳолати тўғрисида»ги ҳисобот иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Ҳисоботда очарчиликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқланишни яхшилаш мақсадларига эришишдаги масалалар ҳамда юзага келаётган тенденциялар чуқур таҳлил қилинган.
Сессиянинг пленар йиғилишида Ўзбекистон вакили сўзга чиқиб, мамлакатда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида сўнгги олти йилда камбағаллик икки баробарга камайганини таъкидлади. Тақдим этилган ҳисоботда Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги даражаси, ёш болаларда ўсиш суръати ва вазн йўқотиш каби кўрсаткичлар яхшиланганини акс этгани қайд этилди.
Ўзбекистон вакили, шунингдек, жорий йил сентябрь ойида қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан иштирокчиларни таништирди. Қайд этилганидек, 2030 йилга қадар мамлакатимизда камбағалликни 7 фоизга тушириш режалаштирилган. Янги стратегияда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини ошириш учун соҳага жами 15 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниши белгилангани билдирилди. Шунингдек, иқлим ўзгариши, биохилмахиллик, экологик вазият, хусусан, Орол денгизи қуриши натижасида юзага келган муаммоларни салбий таъсирини юмшатиш бўйича қатъий чоралар белгилангани урғуланди.
27 октябргача давом этадиган Бутунжаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитасининг йиғилишида, шунингдек, гендер тенглиги, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиши назарда тутилган.
Бутунжаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси 1974 йилда ташкил этилган. Унинг вазифаси дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ҳолати бўйича даврий ҳисобот тайёрлаш, глобал аҳамиятга эга стратегия ва бошқарув қоидаларини ишлаб чиқишдан иборат. Қўмита томонидан қабул қилинган ҳужжатлар юқори нуфузга эга бўлиб, унинг ҳисоботлари ФАО Конференцияси ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан баҳоланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Олмаотадаги кўргазмада Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди
Исломободда Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди