Германияда Ўзбекистон Конституцияси куни нишонланди
Декабрь 16, 2025. 14:48 • 2 дақ
• 203БЕРЛИН, 22 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида ватандошлар иштирокида байрам тадбири ўтказилди, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.
Дипломатик ваколатхона вакиллари йиғилганларни байрам билан табриклаб, Конституция мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитетининг асоси экани, фаол ички ва ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлашга, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилганини таъкидлади. Асосий қонун инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратгани, Ўзбекистонни ҳуқуқий ва ижтимоий давлат сифатида барпо этгани қайд этилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган давра суҳбатида сўзга чиққанлар Конституциянинг қабул қилиниши тарихи, 2023 йилда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми якунлари бўйича қабул қилинган янгиланган нормаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. Қайд этилганидек, янги таҳрирда инсон қадри энг олий қадрият сифатида эътироф этилиб, ижтимоий ҳимоя, фаровонлик даражасини ошириш, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Давра суҳбати давомида Конституциянинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги ўрнига бағишланган ахборот материали тақдим этилди. Бундан ташқари, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, консуллик хизматларини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқий маслаҳат ва таълим соҳасидаги янги имкониятлар юзасидан фикр алмашилди.
Йиғилишда бир гуруҳ фаол ватандошларимизга миллий маданиятимиз ва қадриятларини асраб-авайлаш, Германия жамоатчилиги орасида Ўзбекистон нуфузини ошириш, илмий алоқаларни кенгайтиришга қўшган ҳиссалари учун элчихона номидан махсус ташаккурномалар топширилди.
Бу каби учрашувлар ватандошлар бирдамлигини янада мустаҳкамлаш баробарида Ватан билан маънавий уйғунликни чуқурлаштириш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


