Ўзбекистон дипломатлари Адигеядаги ватандошлар учун сайёр қабул ўтказди
Апрель 23, 2026. 11:25 • 2 дақ
• 136
МАЙКОП, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхона томонидан Адигея Республикасидаги “СпецСтройКубань” қурилиш компаниясида меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда ҳамюртларга Ўзбекистонда сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Бош консулхона томонидан фуқароларга кўрсатилаётган консуллик хизматлари ҳақида маълумот берилди.
Тадбир иштирокчилари Россия ҳудудида меҳнат қилаётган юртдошларимиз дуч келаётган айрим муаммолар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашди. Хусусан, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси, диний экстремизм, жинсий тажовуз ва бошқа турдаги жиноятларга аралашиб қолиш ҳолатлари ортиб бораётгани хавотирли экани таъкидланди. Шу сабабли, баъзи фуқароларимиз жиноий ишларда гумонланиб ёки ҳукм қилиниб, мажбурий равишда ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган ҳудудларга юборилаётгани ва бу оқибатда қурбонлар ҳам учраётгани айтилди.
Фуқароларни ҳарбий ҳаракатларга жалб қилиш ҳолатлари баъзан мажбурий тарзда, айрим ҳолатларда алдаш ёки катта пул ваъда қилиш орқали амалга оширилаётгани сабабли ватандошлар эҳтиёткор бўлишга чақирилди. Шу билан бирга, чет элда ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш Ўзбекистон қонунчилигига кўра жавобгарликка сабаб бўлиши эслатиб ўтилди.
Россия ҳудудида бўлган ҳамюртларга маҳаллий қонунларга риоя қилиш ва урф-одатларни ҳурмат қилиш зарурлиги таъкидланди. Ҳар қандай кичик қоидабузарлик ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.
Учрашув якунида иштирокчиларнинг яшаш ва меҳнат шароитлари ўрганилди, иш берувчи томонидан меҳнат хавфсизлиги қай даражада таъминлангани кўздан кечирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси