Ўзбекистон ва Германиянинг Тюрингия федерал ўлкаси ўртасида касбий таълим ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Апрель 23, 2026. 12:25 • 2 дақ
• 145
БЕРЛИН, 23 апрель /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Тюрингия федерал ўлкасининг ижтимоий масалалар, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва оила вазири Катарина Шенк билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур учрашув элчихонада “Ўзбекистон–Германия дуал ва касбий таълим форуми: рақобатбардош ва малакали кадрлар” мавзусида ўтказилган халқаро форум доирасида ташкил этилди.
Суҳбат чоғида элчи Дилшод Ахатов мамлакатимизда меҳнат миграцияси, дуал ва касбий таълим соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек малакали кадрлар тайёрлаш бўйича яратилаётган янги имкониятлар ҳақида немис томонига атрофлича маълумот берди.
Катарина Шенк, ўз навбатида, Ўзбекистонда шакллантирилаётган қулай ишбилармонлик муҳити ва яратилаётган янги имкониятлар Тюрингия ишбилармон доираларида катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади. У, шунингдек, Тюрингия федерал ўлкаси Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келаётганидан мамнун эканини билдириб, ёш мутахассисларни касбга тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Учрашувда федерал ўлка билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Дуал ва касбий таълим, қонуний, хавфсиз ва тартибли ташқи меҳнат миграцияси, малакали мутахассислар тайёрлаш, шунингдек ҳудудлараро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, Тюрингия корхоналари учун Ўзбекистондан касб ўрганувчи ёшларни жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграциялашув бўйича амалий ишлар йўлга қўйилгани таъкидланди.
Томонлар таълим ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, шунингдек саноат, тўқимачилик, рақобатбардош малакали кадрлар тайёрлаш ва ижтимоий йўналишлардаги алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси