Манас шаҳрида ўзбекистонлик талабалар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Март 05, 2026. 18:01 • 2 дақ
• 128МАНАС, 6 март. /“Дунё” АА/. Бош консулхонамиз дипломатлари Манас шаҳрида жойлашган Жалолобод давлат университети, Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети ва К.Токтамамтов номидаги халқаро университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда олий таълим муассасалари раҳбарияти ва Қирғизистон ТИВнинг Манас шаҳридаги вакиллари иштирок этиб, талабаларнинг ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш масалалари муҳокама қилинди.
Дипломатлар ёшларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби, виза ва рўйхатдан ўтиш қоидалари ҳамда Ўзбекистонда қабул қилинаётган янги қонун ва фармонларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. Айниқса, хорижда олинган дипломларни Ўзбекистонда тан олиш (нострификация) ва талабаларнинг ўқишини кўчириш тартиби бўйича берилган тушунтиришлар ёшлар учун муҳим аҳамият касб этди.
Учрашувда ёшларнинг турли ёт ғоялар ва экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ва унинг “Call-маркази” фаолияти ҳақида маълумот берилиб, диний саволларга фақат расмий ва ишончли манбалардан жавоб олиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир якунида йил давомида ўзбекистонлик талабалар иштирокида миллий байрамлар, спорт мусобақалари ва маърифий давра суҳбатларини мунтазам ўтказиш режалаштириб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

