Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Нотариал палатаси вакилларининг АҚШ ва Канададаги ватандошлар билан мулоқоти бўлиб ўтди
Март 06, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 202ВАШИНГТОН, 6 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Нотариал палатаси делегациясининг АҚШга хизмат сафари доирасида мамлакатимиз элчихонасида АҚШ ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошлар билан гибрид форматдаги учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — фуқаролар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, уларни нотариал соҳадаги сўнгги ислоҳотлар, рақамли технологиялар асосида яратилган замонавий хизматлар ва янги имкониятлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Мулоқотда нафақат Вашингтон шаҳри, балки АҚШнинг бошқа штатлари ҳамда Канадада яшовчи юртдошларимиз видеоконференцалоқа орқали онлайн иштирок этди.
Учрашув давомида ватандошларимизда катта қизиқиш уйғотган масала — нотариал ҳаракатларни масофадан туриб, онлайн видеоконференция орқали амалга ошириш имконияти бўлди. Мутахассислар ушбу тизим вақт ва маблағни тежаши, зарур ҳуқуқий масалаларни Ўзбекистонга келмасдан туриб тезкор ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга эканини тушунтирди.
Шунингдек, мулоқотда ишончномаларни расмийлаштириш, мерос масалалари, турли мазмундаги розилик аризалари ҳамда АҚШда берилган ҳужжатларнинг Ўзбекистонда тан олиниши (легаллаштириш ва апостиль) каби долзарб мавзулар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тадбир якунида ватандошлар хориждаги ўзбекистонликлар учун яратилаётган бундай қулайликлар ва давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор учун ўз миннатдорчиликларини изҳор этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


