Истанбулда e-notarius.uz электрон платформа имкониятлари намойиш қилинди
Март 06, 2026. 10:54 • 2 дақ
• 146ИСТАНБУЛ, 6 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консулхонасида Туркияда вақтинчалик яшаб келаётган ҳамда турли ҳуқуқий ва ижтимоий мураккаб вазиятларга дуч келган ватандошлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Очилов иштирок этиб, ватандошларга доимий ва вақтинчалик консуллик рўйхатидан ўтишнинг ҳуқуқий ва амалий афзалликлари, хусусан, ҳужжатларни расмийлаштиришда енгилликлар, фавқулодда ҳолатларда тезкор алоқа ўрнатиш имконияти, ҳуқуқий ҳимоя механизмлари ҳақида тушунча берди.
Тадбирда иштирок этган ватандошларнинг шахсий мурожаатлари бирма-бир эшитилиб, уларнинг муаммолари юзасидан аниқ ва манзилли ҳуқуқий тавсиялар тақдим этилди. Жумладан, вояга етмаган фарзандни Ўзбекистонга олиб кетиш тартиби ва зарур нотариал розилик масалалари бўйича маълумот берилди.
Ўзбекистон ҳудудида жойлашган уй-жойга оид ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларни қонуний расмийлаштириш ва масофавий тартибда ишончнома бериш имкониятлари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Мамлакатимиз ҳудудида фирибгарлик қурбони бўлган фуқаронинг тергов жараёнларида иштирок этиши, ишончли вакил орқали манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари бўйича атрофлича ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Тадбир доирасида фуқароларга e-notarius.uz электрон платформасининг имкониятлари, масофадан туриб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби, электрон ишончномалар ва аризаларни расмийлаштиришнинг замонавий ва қулай жиҳатлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Қайд этилганидек, мазкур платформа хориждаги ватандошлар учун вақт ва маблағни тежашга хизмат қилувчи муҳим ҳуқуқий инструмент ҳисобланади.
Учрашув якунида Бош консулхона ва Нотариал палата ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, Туркиянинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилаётган ватандошлар учун сайёр қабул ва учрашувлар ташкил этиш орқали манзилли ҳуқуқий ёрдам кўламини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


