Бухоролик ишбилармонлар ўмонлик тадбиркорлар билан учрашди
Февраль 10, 2026. 09:34 • 42 сония
• 237
МАСКАТ, 10 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонаси томонидан Бухоро шаҳридаги “Comfort Textile” МЧЖ вакилларининг Ўмон Султонлигига ташрифи амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида ўзбекистонлик тадбиркорлар Маскатдаги “Khazaen” махсус иқтисодий шаҳарчага бориб, бу ердаги ишбилармонлар фаолияти билан яқиндан танишди.
Учрашувда “Khazaen” махсус эркин иқтисодий зонаси, қуруқ порт, омборхоналар, турар жой мажмуалари ҳамда тижорат объектларини ўз ичига олган интеграциялашган логистика ва саноат маркази ҳақида батафсил маълумот берилди.
“Khazaen” жаҳон стандартларига жавоб берадиган инфратузилма, рақобатбардош инвестицион имтиёзлар, ер участкаларини ижарага олиш учун манфаатли таклифлар, “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш ҳамда инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини таклиф этиши қайд этилди.
Шу билан бирга, иқтисодий зонада текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиб, нафақат Ўмон, балки барча Кўрфаз ва Африка мамлакатлари бозорларига экспорт қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
