Logo

Германиядан муносабат: Ўзбекистон парламенти сайлови халқаро стандартлар ва ҳуқуқий давлат қонунчилиги тамойилларига мувофиқ тарзда бўлиб ўтди

Ноябрь 17, 2024. 10:36 • 2 дақ

108
Германиядан муносабат: Ўзбекистон парламенти сайлови халқаро стандартлар ва ҳуқуқий давлат қонунчилиги тамойилларига мувофиқ тарзда бўлиб ўтди

БЕРЛИН, 17 ноябрь. /"Дунё" АА/. Халқаро кузатувчи, "Германия–Ўзбекистон" форуми президенти Детлеф Принц "Дунё" АА учун интервьюсида жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари ҳақидаги фикрлари билдирди.

– Ўзбекистон парламенти сайлови халқаро стандартлар ва ҳуқуқий давлат қонунчилиги тамойилларига мувофиқ тарзда бўлиб ўтди. Шунингдек, халқаро кузатувчиларга ўз миссияларини бажариши учун тенг шароитлар яратилди. Сайлов комиссияси вакиллари ва сайловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ташкил этилди. 

Сиёсатчилар билан учрашувларда парламент сайловининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг аҳамияти ва роли ҳақида маълумотга эга бўлдик. Ўзбекистондаги янги сайлов тизимининг айрим жиҳатлари Германиядаги Бундестаг ва Бундесрат сайловлари тизимига ўхшашлигига гувоҳ бўлдим. 

Овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчилар рўйхатга олиниб, шахси тасдиқлаганидан сўнг бюллетен олишлари ва махсус кабиналарда овоз бериб, сўнг бюллетенларни муҳрланган қутиларга ташлагани, қолаверса овоз бериш жараёни сиёсий партиялар вакиллари томонидан кузатиб борилгани шаффофлик намунасидир. Айниқса, ёшларнинг сайловда фаол иштироки, сайловчиларнинг овоз беришга фуқаролик бурчи сифатида қарашлари бизни ҳайратга солди. Бу эса аҳолининг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Маҳаллий сайлов участкаларида тайёргарлик ишларининг сайловдан бир ой олдин бошлангани, сайлов участкаларининг жиҳозланиши, сайлов комиссияси вакилларининг пухта тайёргарлиги, сайловчиларга барча номзодлар билан мулоқот қилиш имконияти яратилгани диққатга сазовордир.

Шунингдек, сайлов участкаларида ногиронлиги бор шахслар учун пандуслар ўрнатилгани, тез тиббий ёрдам ва болалар хоналари ҳамда касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмаган фуқаролар учун кўчма сайлов қутиларининг ташкил этилганлиги алоҳида эътирофга лойиқ.

Тошкентдаги Йоҳанн Вольфганг Гёте номидаги 60-сонли мактабга бўлдик. У ерда немис тилини ўргатиш тизими бизда катта таассурот қолдирди. Шу билан бирга, хорижий кузатувчилар учун тайёрланган маданий дастур ўзбек маданияти ва санъати, тарихи билан яқиндан танишиш имконини берди.

Ташриф доирасида, шунингдек, республика ҳукумат аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувларда Германия-Ўзбекистон муносабатларини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдик.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш