Германиядан муносабат: Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловлари изчил ислоҳотлар самарасидир
Ноябрь 16, 2024. 09:57 • 2 дақ
• 316
БЕРЛИН, 16 ноябрь. /"Дунё" АА/. Халқаро кузатувчи, "Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти асосчиси ва раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳельмут Ҳан "Дунё" АА учун интервьюсида шу йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари ҳақидаги фикрларини билдирди.

– Ўзбекистон парламенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун номзодим тақдим этилганидан ва бу имкониятдан фойдалана олганимдан жуда мамнунман. Чунки, мазкур масъулиятли вазифани бажариш жараёнида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлдим.
Парламент сайловларининг янги, яъни аралаш (мажоритар-пропорционал) тизими асосида ўтказилгани, унда айниқса партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланганлиги ҳамда сайлов жараёнларини кузатиб боришда 11 минг 28 та сайлов участкасига жами 427 нафар халқаро кузатувчиларни жалб этилганлиги мамлакатнинг изчил демократик ислоҳотлар йўлидан дадил бораётганидан далолат беради.
Ўзбекистон демократик институтлар ролини кучайтириш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, дунё тажрибасини ўрганиш мақсадида халқаро кузатувчилар, экспертлар билан мулоқотни йўлга қўйган. Кузатувчиларнинг сайловда иштироки пухта тайёрланганлиги билан эътиборимни тортди.
Бухоро давлат университети, Бухоро тиббиёт техникуми ва Афшонадаги Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми кутубхонасида ташкил этилган сайлов участкаларида сайлов жараёнларини кузатиш давомида аҳолининг фаол иштирокини, сайловчилар ва партияларнинг барча ҳуқуқлари таъминланганлигининг гувоҳи бўлдим.
Сайловга тайёргарлик даражаси, сайлов участкаларининг жиҳозланганлиги, сайловчиларни рўйхатдан ўтказиш ва яширин овоз бериш жараёни халқаро стандартларга мос равишда амалга оширилганлигига гувоҳ бўлдим.
Шунингдек, ташриф доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тиббиёт жамғармалари ва муассасалари вакиллари билан бўлиб ўтган қатор учрашувларда "Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти билан ҳамкорликнинг янги имкониятларини муҳокама қилдик.
Халқаро кузатувчи сифатида ташрифимдан хулосам шуки, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги жадал тараққий этаётган, порлоқ келажак сари одимлаб бораётган мамлакат. Унинг минтақада иқтисодий, илм-фан ва маданий ривожланган ва халқаро тан олинган мамлакатга айланиш йўлидаги барча саъй-ҳаракатлари эътирофга сазовордир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари Покистон таҳлил марказлари диққат марказида