Деҳли шаҳрида Ўзбекистонда бўлиб ўтган парламент сайлови якунларига бағишланган давра суҳбати уюштирилди
Ноябрь 14, 2024. 10:16 • 3 дақ
• 313
ДЕҲЛИ, 14 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови якунларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мамлакатимиз элчихонаси, "Ҳиндистон – Марказий Осиё" жамғармаси ва MERI Институтлар гуруҳи ҳамкорлигида уюштирилган тадбирда илмий-академик доиралар, тадқиқот марказлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, таниқли ҳинд дипломатлари иштирок этди.
Шунингдек, давра суҳбатини онлайн шаклда халқаро ҳамкорлик масалалари билан шуғулланадиган экспертлар, тадқиқотчилар ва талабалар кузатиб борди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев парламент сайлови янгиланган Конституциямизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилганини қайд этди. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ташкил этилганига эътибор қаратди. Барча даражадаги сайлов комиссиялари фаолияти ва уларнинг сайлов жараёнлари иштирокчилари билан ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилгани, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилгани ва бошқа муҳим жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчилари Сканд Тайал ва Анимула Гитеш Сарма, MERI Институтлар гуруҳи вице-президенти профессор Лалит Аггарвал, "Ҳиндистон – Марказий Осиё" жамғармаси директори профессор Рамакант Двиведи, Жаваҳарлаъл Неру университети профессорлари Арчана Упадҳяй ва Санжай Кумар Пандей, "NatStrat" тадқиқот маркази катта илмий ходими Раж Кумар Шарма ва бошқалар сайловни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш жараёни сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли янгиланиш жараёнининг ёрқин ифодаси бўлганини эътироф этдилар.
Анжуман қатнашчилари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча партиялар сайлов жараёнида қатнашиши учун тенг шароитлар яратилгани, сайловчилар партиялар ва депутатликка номзодларнинг дастурлари билан яқиндан танишиб, эркин танлов асосида овоз берганини қайд этди.
Ҳинд экспертлари сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгилангани, кўплаб сайлов участкаларига аёллар раҳбарлик қилгани Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш бўйича юритилаётган амалий сиёсатни ифода этганини таъкидлади.
– Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг муҳим таркибий қисми бўлган парламент сайлови жараёнидан кучли таассуротлар билан қайтдим,– дейди Жаваҳарлаъл Неру университети Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари профессор Арчана Упадҳяй. – Овоз бериш жараёнининг баъзи давлатларда кузатиладиган ортиқча шов-шувларсиз, босиқ ва юқори ташкилий даражада уюштирилгани эътиборимни тортди. Мен сайловчиларнинг интизомини кўрдим. Улар овоз беришнинг муҳимлигини англаб, ушбу жараёнда фаол иштирок этишни тушуниши кўзга ташланди. Яна бир муҳим жиҳат – бу хотин-қизларга кўрсатилаётган алоҳида эътибордир. Уларнинг жамият ҳаёти ва сиёсий жараёндаги фаол иштирокини таъминлаш, албатта, кўплаб ижтимоий-иқтисодий масалалар ижобий ҳал этилишига хизмат қилади.
Ҳинд экспертлари сайлов жараёнини кузатиш жараёнида Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини кашф қилганини таъкидладилар. Сайлов участкалари фаолияти билан танишиш, сиёсий партиялар вакиллари иштирокидаги дебатларни кузатиш, саноат корхоналари, олий ўқув юртлари, тадқиқот марказлари, ўрта таълим масканлари ва бошқа ташкилотлар жамоалари билан учрашувлар чоғида жамият аъзолари кайфиятидаги катта ўзгаришлар, уларнинг мамлакат ҳаётидаги тарихий жараёнларда фаол иштирок этишга интилиши намоён бўлганини алоҳида урғулади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон парламенти сайлови якунлари Покистон таҳлил марказлари диққат марказида