Logo

“Kyiv Diplomatic”: Хорижлик экспертлар Темурийлар даври меросига янгича нигоҳ билан қарамоқда

Апрель 26, 2026. 12:30 • 2 дақ

309
“Kyiv Diplomatic”: Хорижлик экспертлар Темурийлар даври меросига янгича нигоҳ билан қарамоқда

КИЕВ, 26 апрель. /“Дунё” АА/. Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журналида “Халқаро экспертлар Темурийлар даврини қайта талқин қилмоқда” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда дунё ҳамжамиятида Темурийлар даврига нисбатан анъанавий қарашлар ўзгармоқда. Эндиликда, асосий эътибор Соҳибқироннинг нафақат ҳарбий ва сиёсий фаолиятига, балки унинг фан, маданият ҳамда давлатчилик асосларини ривожлантиришга қўшган ҳиссасига қаратилмоқда. Кўплаб олимлар XIV–XV асрларни кенг кўламли интеллектуал ислоҳотлар даври сифатида баҳолаб, уни “Иккинчи Ренессанс” деб атамоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилган ва Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференция бу масалаларни муҳокама қилиш учун асосий майдонга айланди. Форумда ICESCO, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, IRCICA ва Ал-Фурқон жамғармаси каби нуфузли ташкилотлардан иборат 20 дан ортиқ давлатнинг 300 нафарга яқин экспертлари иштирок этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Темурийлар Ренессанси мамлакат тарихининг энг муҳим босқичларидан бири экани таъкидланиб, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришга чақирилди.

Нашрнинг хулоса қилишича, Темурийлар даврининг меъморчилик, санъат ва миллий ўзликни шакллантиришдаги таъсири ҳамон жаҳон цивилизациясининг муҳим қисми бўлиб қолмоқда. Конференция якунида халқаро академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва нодир қўлёзма меросини асраб-авайлаш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш