Logo

ТИВда Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Январ 27, 2026. 15:24 • 2 дақ

163
ТИВда Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 27 январь. /“Дунё” АА/. Кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россиянинг мамлакатимиздаги элчиси Алексей Ерхов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, учрашув давомида томонлар Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир долзарб масалаларини муҳокама қилган.

Муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан Россиянинг ҳудудларида фаолият юритаётган мамлакатимиз бош консуллари иштирок этди. Бу эса жойлардаги амалий иш тажрибасини инобатга олган ҳолда кўтарилган масалаларни аниқ ва атрофлича кўриб чиқиш имконини берди.

Россия томонидан дипломатик ваколатхонанинг консуллик бўлими раҳбарияти, миграция масалалари бўйича масъул ходимлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари қатнашди.

Вакилларимиз миграция текширувлари ва рейд тадбирлари ўтказилаётган жараёнда Ўзбекистон фуқароларининг ҳам қонунга риоя қилаётган, ҳам миграция қонунини бузган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва инсоний қадр-қимматини камситишнинг ҳар қандай шаклига йўл қўйилмаслиги принципиал аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Учрашув томонларнинг миграция жараёнларини тартибга солиш, Россияда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний меҳнат фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган прагматик ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни ривожлантиришга интилишини тасдиқлади.

Шунингдек, томонлар амалий ҳамкорликни доимий равишда такомиллаштириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мунтазам консуллик маслаҳатлашувлари ҳамда икки томонлама учрашувлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo AA

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш