Logo

Навоий вилоятида Покистон технологияси асосида қоракўл терисидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Май 06, 2026. 19:38 • 2 дақ

300
Навоий вилоятида Покистон технологияси асосида қоракўл терисидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Навоий вилоятида Покистон технологияси асосида қоракўл терисидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Навоий вилоятида Покистон технологияси асосида қоракўл терисидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Навоий вилоятида Покистон технологияси асосида қоракўл терисидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

КАРАЧИ, 6 май. /“Дунё” АА/. Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Карачи шаҳрига амалий сафари давомида Покистон Теричилар ассоциацияси раиси Ҳамид Аршад Заҳур билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон-Покистон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш, айниқса чарм саноатидаги мавжуд салоҳиятни аниқ инвестиция лойиҳалари ва саноат кооперациясига айлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Покистон бугунги кунда жаҳон чарм маҳсулотлари бозорида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб, айниқса тайёр пойабзал, чарм кийимлар ва аксессуарлар ишлаб чиқариш бўйича катта тажриба тўплаган. Навоий вилояти эса хомашё захиралари, қулай географик жойлашуви ва транспорт-логистика имкониятлари билан ажралиб туради. Бу икки омилнинг уйғунлиги ўзаро манфаатли саноат кооперациясини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин яратади.

Маълум қилинишича, Навоий вилоятида 536,4 минг бош йирик шохли қорамол, 2,6 миллион бош қўй ва эчки парваришланади. Шунингдек, ҳар йили 330 мингдан ортиқ қоракўл териси етиштирилади. Бу кўрсаткичлар ҳудудда тери ва чарм маҳсулотларини саноат миқёсида қайта ишлаш, қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун улкан имкониятлар мавжудлигини кўрсатади.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар жараёнида қатор амалий ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, тери хомашёсини йиғиш, сақлаш ва саралашнинг ягона тизимини яратиш, халқаро экологик стандартларга жавоб берадиган замонавий қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш, юқори сифатли тайёр чарм маҳсулотлари — пойабзал, ишчи қўлқоплар, сумкалар ва турли хил чарм-галантерея буюмларини ишлаб чиқариш каби таклифлар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, қоракўл терисидан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам эътибор марказида бўлди.

Учрашувда соҳа ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Покистон томони ўз мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўқув дастурларини ташкил этиш, технология ва тажриба алмашиш орқали маҳаллий кадрларнинг салоҳиятини оширишга тайёр эканини билдирди.

Суҳбат якунида ҳамкорликни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилди. Жумладан, хомашё занжирини чуқур ўрганиш мақсадида техник аудит ўтказиш, пилот лойиҳа сифатида замонавий қайта ишлаш ва тайёрлаш марказини ташкил этиш, халқаро бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар рўйхатини шакллантириш ҳамда покистонлик мутахассисларнинг Навоий вилоятига амалий ташрифини уюштириш режалаштирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш