Logo

Ўзбекистон мактаб жамоалари Олмаотада шахмат бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда

Апрель 07, 2026. 19:30 • 2 дақ

128
Ўзбекистон мактаб жамоалари Олмаотада шахмат бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда

ОЛМАОТА, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун Олмаота шаҳридаги Қозоғистон меҳмонхонасида мактаб жамоалари ўртасида шахмат бўйича “World Schools Team Championship 2026” (WSTC 2026) жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мусобақа аввалида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович, Олмаота шаҳри ҳокими ўринбосари Нурлан Абдурахим ҳамда Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов чемпионат иштирокчиларига омад тилади. Улар бутун дунё бўйлаб шахматни таълим тизимларига интеграция қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Турнир Халқаро шахмат федерацияси (FIDE), Халқаро мактаб шахмат федерацияси (ISCF) томонидан ташкил этилди.

Шу йилнинг 6-11 апрель кунлари бўлиб ўтадиган мусобақада 8 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари иштирок этади. Унда 19 та давлатдан 26 та жамоа, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Сингапур, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Малайзия ва бошқа мамлакат вакиллари қатнашади.

Ташкилотчилар маълумотига кўра, турнир Швейцария тизими бўйича ўтказилмоқда. Тўрт кун давомида иштирокчилар кунига иккитадан, саккизта тур ўйнайди. Ҳар бир партияга 45 дақиқа берилади ва ҳар бир юришга 10 сония қўшилади. Ғалаба учун жамоа икки очко, дуранг учун бир очко олади.

Шунингдек ўқинг

Асосий мусобақадан ташқари, тажриба алмашиш мақсадида иштирокчилар учун гроссмейстерлар билан учрашувлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.

Мазкур халқаро шахмат турнирида Ўзбекистон номидан иккита таълим муассасаси иштирок этмоқда: “WISDOM SCHOOL” ва “AL-KHWARIZMI IT SCHOOL”.

Мутахассисларнинг фикрича, биринчи кун якунларига кўра, “WISDOM SCHOOL” жамоаси барқарор ўйин намойиш этиб, кучли рақибларга қарши ўйинларда ишончли ҳаракат қилди. Жамоанинг алоҳида иштирокчилари ўз доскаларида яхши индивидуал натижаларга эришди.

Ёш ва истиқболли шахматчиларга эътибор қаратган ҳолда тузилган “АЛ-KHWARIZMI IT SCHOOL” жамоаси жанговар характерга эга бўлиб, бир қатор муҳим ғалабаларни қўлга киритди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш