Logo

“The Nation”: Ислом цивилизацияси маркази – дунё ҳамжамияти эътироф этаётган мегалойиҳа

Март 19, 2026. 09:41 • 3 дақ

147
“The Nation”: Ислом цивилизацияси маркази – дунё ҳамжамияти эътироф этаётган мегалойиҳа

ИСЛОМОБОД, 19 март. /“Дунё” АА/. Покиcтоннинг “The Nation” нашрида “Ислом цивилизацияси маркази: дунё ҳамжамияти эътироф этаётган мегалойиҳа” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақола муаллифи, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов таъкидлаганидек, бир йил муқаддам, яъни 2025 йил 29 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, икки мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан ишлаб чиқилган илмий-инновацион лойиҳалардан Марказ экспозицияларида фойдаланиш бўйича қатор тавсия ва топшириқлар берган эди.

“Бу чинакам тарихий ташриф бўлди. Ўтган бир йил давомида Марказ биноси тўлиқ қуриб битказилди, – дейилган материалда. – Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва унинг мазмунини бойитиш ишларига 40 дан ортиқ мамлакатдан мутахассислар ва дизайнерлар жалб этилди. Уларнинг барчаси Президент ташаббуси ва ғоялари билан яратилган мегалойиҳа атрофида бирлашган”.

Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Президенти 2025 йил сентябрь ойида БМТнинг юксак минбаридан туриб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қуриб битказилгани ва тез орада очилишини маълум қилган эди. Ўтган давр мобайнида экспозицияларнинг ички мазмуни янада бойитилди. Марказ жаҳон жамоатчилиги диққат марказида бўлган ўзига хос масканга айланди. Бугун бутун дунёдан келган меҳмонлар, давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари Марказ фаолияти, унинг цивилизациялар, шахслар ва кашфиётларга бағишланган илмий лойиҳалари билан танишиб, унинг аҳамиятини очиқ эътироф этмоқда.

Шунингдек ўқинг

Мақолада БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш янги қурилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида билдирган қуйидаги фикрлари келтирилган: “Президентингиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг юксак минбаридан мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини изчил илгари суриб келаётган буюк ва нуфузли етакчидир”.

Покистон ОАВ ёзганидек, лойиҳага Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам юқори баҳо берди: “Бу улкан ва ноёб иншоот. Бу илмий, туристик ва этномаданий лойиҳадир. Ўзбекистон Президентининг фикрига қўшиламан: Ислом цивилизацияси маркази ушбу муҳим соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш учун умумий майдонга айланиши мумкин”.

“The Nation” мақоласида урғуланганидек, жаҳон экспертларининг фикрича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази оддий инфратузилма объекти ёки маданий сиёсат рамзи эмас. Бу Ўзбекистон раҳбарининг замонавий глобал таҳдидларга қарши онгли цивилизациявий жавобидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш