Logo

Ҳиндистон матбуоти: Ислом цивилизацияси маркази глобал миқёсдаги ноёб мегалойиҳага айланмоқда

Март 18, 2026. 17:15 • 3 дақ

89
Ҳиндистон матбуоти: Ислом цивилизацияси маркази глобал миқёсдаги ноёб мегалойиҳага айланмоқда

ДЕҲЛИ, 18 март. /“Дунё” АА/. Ҳиндистонда чоп этиладиган нуфузли “Navbharat Times” нашрида Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, 2025 йил январь ойида Ўзбекистон етакчиси Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, икки мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий олимлар томонидан ишлаб чиқилган илмий-инновацион лойиҳалардан марказ экспозицияларида фойдаланиш бўйича қатор тавсия ва топшириқлар берган эди.

Давлат раҳбари ташрифидан сўнг, бир йил давомида мажмуа биноси тўлиқ қуриб битказилди. Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва унинг мазмунини бойитиш ишларига 40 дан ортиқ мамлакатдан мутахассислар ва дизайнерлар жалб этилди. Уларнинг барчаси Президент ташаббуси ва ғоялари билан яратилган мегалойиҳа атрофида бирлашган.

 “Евроосиёнинг қоқ марказида – буюк цивилизациялар ва империялар вужудга келган, минг йиллар давомида савдо йўллари, динлар, илмий мактаблар ва маданиятлар туташган заминда Ўзбекистонда ўзига хос Ислом цивилизацияси маркази пайдо бўлди. Унинг яратилиши тасодиф эмас ва бир лаҳзалик мулоҳазалар билан белгиланмаган. Бу бевосита Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг стратегик дунёқарашининг ифодасидир”, дея таъкидланган мақолада.

Эълон қилинган материалда чет давлатлари раҳбарлари ҳамда халқаро етакчиларнинг марказ ҳақидаги фикрларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Жумладан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш янги қурилаётган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, “Президентингиз Шавкат Мирзиёев БМТнинг юксак минбаридан мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини изчил илгари суриб келаётган буюк ва нуфузли етакчидир”дея таъкидлаган.

Бу сўзлар жаҳон ҳамжамиятида аллақачон шаклланган тушунчани акс эттиради: Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон замонавий тарихни шакллантиришнинг фаол иштирокчисига айланди.

Ушбу мажмуа ҳақида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам юқори баҳо берди: “Бу улкан ва ноёб иншоот. Бу илмий, туристик ва этномаданий лойиҳадир. Ислом цивилизацияси маркази илмий тадқиқотлар олиб бориш учун умумий майдонга айланиши мумкин”.

Шунингдек ўқинг

Жаҳон экспертларининг фикрича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази оддий инфратузилма объекти ёки маданий сиёсат рамзи эмас. Бу Ўзбекистон раҳбарининг замонавий глобал таҳдидларга қарши онгли цивилизациявий жавобидир. Ислом олами тарихида илк бор цивилизацияларнинг ҳақиқий мулоқоти учун бундай кенг кўламли доимий платформа яратилди.

Марказ қисқа муддат ичида халқаро нуфузли ташкилотлар ва нашрлар томонидан эътироф этилди. Хусусан, марказ Франциянинг Авиценна мукофотига сазовор бўлган, АҚШдаги Смитсон институтининг “Smithsonian Magazine” нашри талқинига кўра, 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш билан кутилган 10 та музейдан бири сифатида эътироф этилган.

Шунингдек, “Condé Nast Traveler” нашри уни 2026 йил июнь ойида ташриф буюриш мумкин бўлган музейлар рўйхатига киритган, “BBC Travel” эса дунёдаги энг кўп кутилган музейлар қаторига қўшган.

Нашрда қайд этилганидек, Ислом цивилизацияси маркази ўзининг маҳобати, майдони ва қамровига кўра, дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган йирик мажмуалардан бири ҳисобланади.

Янги бунёд этилган ушбу марказ Тошкентнинг машҳур Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган. Бино уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метр. Мажмуа гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан ортиқ.


Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш