Покистон компанияси раҳбарияти билан Наманганда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳасини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди
Апрель 23, 2026. 14:25 • 3 дақ
• 144ФЕЙСАЛОБОД, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев амалий ташриф билан Покистоннинг саноат ва иқтисодий жиҳатдан ривожланган ҳудудларидан бири – Панжоб вилоятига борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар давомида мазкур ҳудудда фаолият юритаётган «Diamond Export Industries» компаниясига ташриф буюриб, корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда экспорт салоҳияти билан яқиндан танишди.
Ташриф доирасида компания раҳбари Хуррам Шахзад билан ҳам музокаралар ўтказилди. Учрашув давомида томонлар ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистонда саноат кооперациясини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар.
Элчи Алишер Тўхтаев мулоқот чоғида Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, бизнес юритиш учун яратилган қулай муҳит ҳамда хорижий инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, эркин иқтисодий зоналарнинг имкониятлари, уларда амал қилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, инфратузилманинг ривожланганлиги ҳамда инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар алоҳида таъкидланди.
Суҳбатдошлар Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли инвестиция лойиҳалари, айниқса тўқимачилик ва енгил саноат соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар. Бу йўналишдаги ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши қайд этилди.
Компания раҳбари Хуррам Шахзад «Diamond Export Industries» томонидан Наманган вилоятидаги «Наманган» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа маҳаллий ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий саноат мажмуасини барпо этишни назарда тутади.
«2023 йилда Ўзбекистон Президентининг Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу лойиҳа бўйича тақдимот ўтказган эдик, – деди Хуррам Шахзад. – 2024 йилнинг тўртинчи чорагида лойиҳани амалий босқичга ўтказиш ишлари бошланди. Аукцион орқали ажратилган ер майдонида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Ҳозирги вақтга қадар лойиҳага 1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Биз ушбу лойиҳани муваффақиятли амалга оширишдан манфаатдормиз ва бу борадаги режаларимиз жиддий ва узоқ муддатлидир».
Учрашувда мазкур инвестиция лойиҳасини амалга оширишни янада жадаллаштириш, юзага келаётган ташкилий ва техник муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида тегишли давлат идоралари ва ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар якунида амалий қадамлар белгилаб олинди. Хусусан, «Diamond Export Industries» компанияси томонидан Наманган вилоятида амалга оширилаётган тўқимачилик мажмуасини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги вакиллари билан алоҳида учрашув ташкил этишга келишиб олинди.
Ушбу мулоқот доирасида лойиҳани янада самарали амалга ошириш, мавжуд масалаларга тезкор ечим топиш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


