Лондонда Британия технологик компаниясининг инновацион ечимларини Ўзбекистон энергетикасида жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди
Апрель 23, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 121
ЛОНДОН, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Буюк Буюк Британиянинг “Camlin Group” компанияси ижрочи директори Питер Каннингем билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги инновацион ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
“Camlin Group” вакиллари компания фаолияти ҳамда унинг замонавий технологик ечимлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ҳозирда компания электр тармоқлари ва темирйўл инфратузилмасини хавфсиз, самарали ва барқарор бошқаришга қаратилган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Ушбу технологиялардан фойдаланиш электр тизимларидаги эҳтимолий носозликларни олдиндан аниқлаш, техник хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириш ва умумий самарадорликни ошириш имконини беради.
Суҳбат давомида Британия томони Ўзбекистоннинг энергетика ва темирйўл соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлари ва модернизация жараёнларини юқори баҳолади. Компания ушбу жараёнларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон билан бевосита ва узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув якунида томонлар аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш, илғор технологияларни жорий этиш ва тажриба алмашиш юзасидан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
“Camlin Group” – 2008 йилда Шимолий Ирландияда ташкил этилган халқаро технология компанияси бўлиб, энергетика ва темирйўл инфратузилмалари учун инновацион муҳандислик ва рақамли ечимларни ишлаб чиқишга ихтисослашган. Ҳозирги кунда компания 600 нафардан ортиқ ходимга эга ва дунёнинг 20 га яқин мамлакатида мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси