Покистон ОАВ: Ўзбекистон глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда
Январ 01, 2026. 10:36 • 4 дақ
• 68
ИСЛОМОБОД, 01 январь. / «Дунё» АА /. Покистоннинг «Маргалла Трибуне», «Даилй Суб Неwс», «Дипломатиc Аффаирс», «Пакистан Ин тҳе Wорлд» ва «Тҳе Wорлд Неwс» каби ОАВда «Ўзбекистоннинг фаол дипломатияси: 2025 йил – жадал мулоқотдан аниқ натижаларгача» сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Уларда 2025 йил Ўзбекистон учун ташқи сиёсий позициясини мустаҳкамлаш босқичи бўлгани таъкидлаган. «Глобал институтлар трансформацияси, ресурслар ва бозорлар учун рақобат кучайиб бораётган мураккаб ва ноаниқ халқаро вазият шароитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқ, прагматик, фаол ва ташаббускор ташқи сиёсатни изчил амалга ошириб келмоқда. Айнан шундай ёндашув нафақат ташқи алоқаларнинг барқарорлигини сақлаб қолиш, балки уларга мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатлари ва ички ривожланиш вазифаларига мос келадиган янги мазмун бахш этиш имконини берди», – дейилади манбаларда.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, кейинги пайтда Республика глобал масалалар муҳокама қилинадиган халқаро мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
«Янги Ўзбекистоннинг дипломатик стратегияси мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида иқтисодиётни модернизация қилиш, инвестициялар, хорижий сайёҳларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун қулай ташқи шароитларни шакллантириш, гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Очиқлик, тенг ҳуқуқли шериклик, ўзаро ҳурмат, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилиш тамойиллари доимо ташқи сиёсий йўлнинг асосини ташкил этган», – дея қайд этган Покистон электрон нашрлари.
Дунёнинг кўзга кўринган етакчилари билан олий даражадаги сиёсий мулоқот янги босқичга кўтарилди ва мунтазамлик касб этди. Хуссан, 2025 йилда давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасидаги икки томонлама учрашувлар сони 55 тадан ошгани хорижий ҳамкорлар билан ўзаро ишонч ортиб бораётганидан далолат беради.
Юқори даражадаги фаол сиёсий мулоқотни ривожлантириш жараёнида ҳам шунга ўхшаш тенденция кузатилди. Йил давомида Ўзбекистоннинг юқори даражадаги делегациялари сайёрамизнинг деярли барча муҳим минтақаларини қамраб олган ҳолда дунёнинг 93 давлатига 172 та ташрифни амалга оширди. Халқаро кун тартибини шакллантиришда вазирликлар, идоралар ва минтақавий маъмуриятлар вакиллари ҳам муҳим роль ўйнади, улар дипломатик миссиялар кўмагида 50 дан ортиқ мамлакатга 300 га яқин хизмат сафарларини амалга оширдилар, бу эса ташқи алоқаларни амалий йўналтирилган даражага олиб чиқиш имконини берди.
«Ўзбекистон мезбон сифатида жаҳон дипломатияси марказларидан бирига айланди. Мамлакат Парламентлараро Иттифоқ, БМТ фуқаролик хизмати, ЮНEСКО Бош конференцияси, Халқаро иқлим конференцияси, минтақа давлатларининг Тошкент саммити ва бошқа қатор йирик анжуманлар ташкил этилгани ҳам буни яққол тасдиқлайди», – дея урғуланган мақолаларда.
Шунингдек, нашрларда, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий стратегиясида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутиши эътироф этилган. Қайд этилганидек, 2025 йилда ушбу устувор йўналиш янада институционал ривожлантирилди. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига раислик қилди ва раислик биринчи марта алоҳида комплекс дастур асосида амалга оширилди.
«Жаҳоннинг асосий куч марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш йўлини давом эттирган ҳолда Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари билан муносабатларни изчил ривожлантириб келмоқда. Ноябрь ойида Вашингтонда АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларини бирлаштирган «С5+1» форматидаги саммитнинг муваффақиятли якунлари бу борада муҳим воқеа бўлди», – деб таъкидланган материалларда.
Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишидаги иштироки ҳам якунланаётган йилнинг муҳим воқеаси бўлди. Давлат Раҳбарининг БМТ минбаридаги нутқи эса мамлакатнинг кўп томонламалик, тинч мулоқот ва долзарб глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон фаол сиёсий дипломатия билан бир қаторда, 2025 йилда иқтисодий дипломатияни жадал ривожлантирди. «Ташқи ишлар вазирлиги – дипломатик ваколатхоналар – тармоқ идоралари – ҳудудлар» шаклидаги тизимли ишлар хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда сезиларли натижаларга эришиш имконини берди. Йилнинг ўтган ўн ойида дипломатик миссиялар кўмагида 34,4 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
«2025 йил якунлари сарҳисоб қилинар экан, ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ташқи сиёсати юқори даражадаги етуклик, изчиллик ва натижадорликни намойиш этди» , – деб ёзган Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси