Нуфузли нашр “Iteca Exhibitions” компаниясининг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ҳақида ёзди
Декабрь 29, 2025. 16:37 • 2 дақ
• 189
СЕУЛ, 31 декабрь. / “Дунё” AA /. Жанубий Кореянинг нуфузли “Asia Journal Press” нашрида “Iteca Exhibitions” компаниясининг жорий йилги фаолияти якуни ҳамда Ўзбекистоннинг экспо-индустрия ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада қайд этилишича, 2026 йилда компаниянинг кўргазмалар тақвими 22 та халқаро кўргазма ва 5 та соҳавий конференциягача кенгаяди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва миллий иқтисодиётнинг асосий тармоқларини мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббуслар ишлаб чиқилди.
“Iteca Exhibitions” билан ҳамкорлик 1995 йилда Тошкент халқаро “Соғлиқни сақлаш” ҳамда 1997 йилда “Oil & Gas Uzbekistan” кўргазмаларини ўтказишдан бошланган. Бугунги кунда компания портфели 20 та флагман тадбирни ўз ичига олган бўлиб, уларнинг ҳар бири турли соҳалар ривожида муҳим аҳамиятга эга.
“UzBuild”, “UzFood”, “CAITME”, “TIHE”, “OGU” ва “TextileExpo Uzbekistan” кўргазмалари миллий бренд мақомини олди ва Ўзбекистон ташқарисида ҳам кенг танилди. Уларнинг ўтказилиши мамлакатнинг ишончли ишбилармон ҳамкор сифатидаги халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда”, - деб ёзилган материалда.
Муаллифнинг ёзишича, 2025 йилда “Iteca Exhibitions” ўзининг 30 йиллик юбилейини 20 та халқаро кўргазма, 4 та йирик форум ва 36 та ихтисослаштирилган семинардан иборат, кенг кўламли дастур билан нишонлади. Уларда 4 минг 311 та компания ва бренд, 251 та маърузачи ва модератор, 55 мамлакатдан 3 минг 957 нафар делегат иштирок этди. Ташриф буюрувчиларнинг умумий сони 75 мамлакатдан 101 минг кишидан ошди. Бу тадбирларнинг чинакам халқаро миқёсини белгилади.
2025 йилги кўргазмалар мавсуми доирасида минглаб ишбилармонлик учрашувлари, музокара ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилган. Имзоланган шартнома ва келишувларнинг умумий ҳажми 1 миллиард АҚШ долларидан ортди. Бу кўргазма фаолияти самарадорлигини яққол намойиш этади.
Мақола хулосасида “Iteca Exhibitions” бизнес, давлат тузилмалари ва профессионал ҳамжамият учун ишончли ҳамкор бўлиб қолаётгани урғуланади.
“Компания тадбирлари нафақат турли соҳаларнинг ютуқларини намойиш этади, балки мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига реал ҳисса қўшиб, Янги Ўзбекистон концепциясини амалга ошириш учун барқарор платформа яратади”, - деб ёзилган материалда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси