Кувайтдаги ватандошлар транзит йўллар орқали Ўзбекистонга қайтарилмоқда
Март 10, 2026. 18:44 • 2 дақ
• 250АЛ-КУВАЙТ, 11 март. /“Дунё” АА/. Яқин Шарқ минтақасида юзага келган нотинч вазият сабабли Ўзбекистон элчихонаси томонидан Кувайтдаги 42 нафар юртдошимиз автобус орқали Саудия Арабистонига ўтказилиб, сўнг ушбу давлатдан мамлакатимизга қайтариш чора-тадбирлари амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
16 нафар катталар ва 26 нафар вояга етмаганлардан иборат ушбу фуқароларимиз шу йилнинг 9 март куни Тошкент вақти билан соат 23:50 да Кувайтдан автобус орқали йўлга чиқиб, 10 март куни соат 11:40 да Ар-Риёздаги Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортга етиб келган.
Элчихона дипломатлари юртдошларимизга енгиллик яратиш ҳамда уларнинг Кувайт ва Саудия Арабистони ҳудудида эркин ҳаракатланишидаги эҳтимолий қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида, мазкур давлатларнинг ваколатли органларига тегишли ноталар чиқарган.
Шу билан бирга, 12 соатга яқин бўлган ушбу сафар давомида фуқароларга Кувайт ҳамда Саудия Арабистони давлат чегараларидан ўтиш жараёнларида кўмаклашиш, уларга Ар-Риёз аэропортида зарур ташкилий-амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Элчихонанинг икки нафар дипломати ҳамроҳлик қилди. Фуқароларнинг ватанга қайтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миграция агентлиги томонидан тегишли авиачипталар харид қилинди.
10 март куни Ар-Риёз шаҳридаги Қирол Холид халқаро аэропортида Элчихона дипломатлари томонидан 42 нафар фуқарога Жидда шаҳрига учиш учун рўйхатдан ўтиш жараёнларида зарур консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий кўмак кўрсатилди. Хусусан, 9 нафар фуқаро SV1081 рейси ҳамда 33 нафар фуқаро SV1035 рейси билан Жиддага муваффақиятли кузатилди.
Шунингдек, ушбу 42 нафар ватандошимиз Жидда шаҳридан Ўзбекистонга қайтиш авиабилетлари билан таъминланди. Улар жорий йилнинг 11 март куни Жидда – Тошкент авиарейси орқали Ватанимизга қайтади.
Шу ўринда айтиш лозимки, минтақадаги беқарор вазият туфайли оила бошлиқлари фарзандларининг хавфсизлигидан хавотирланиб, фақат оила аъзоларини Ўзбекистонга юборишга қарор қилган. Шунингдек, иш берувчилар томонидан меҳнат фаолиятини тўхтатишга рухсат берилмагани ҳамда бундай талаб билан мурожаат қилиш келгусида фуқароларимизнинг касбий фаолияти ва ҳуқуқий мақомига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги аниқланди. Шу сабабли, айни босқичда фақат аксарият аёллар ва болалардан иборат фуқаролар гуруҳининг Ватанга қайтиши ташкил этилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

