Ўзбекистон–Покистон фармацевтика соҳасида стратегик шерикликни кенгайтирмоқда
Май 01, 2026. 14:25 • 3 дақ
• 77КАРАЧИ, 1 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация Карачи шаҳрига ташрифи буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафар доирасида делегация вакиллари Покистоннинг етакчи “The Searle Company Limited” ва “Getz Pharma” фармацевтика компаниялари фаолияти билан яқиндан танишди.
“The Searle Company Limited” бош директори Тоҳир Аҳмед билан ўтказилган музокаралар давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани, ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик муҳити шаклланаётгани алоҳида таъкидланди. Томонлар фармацевтика соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
Ўзбекистон фармацевтика бозорининг ҳажми ҳозирги кунда тахминан 3 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Шу билан бирга, дори воситалари импорти ҳажми 4 миллиард доллардан ортиқ бўлиб, бу маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун катта имконият мавжудлигини кўрсатади.
Музокаралар чоғида Навоий вилояти ушбу ҳамкорликни амалга ошириш учун энг мақбул ҳудудлардан бири сифатида тақдим этилди. Вилоятда эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилгани, солиқ ва божхона имтиёзлари мавжудлиги, халқаро аэропорт ва замонавий логистика инфратузилмасининг мавжудлиги инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратади. Бундан ташқари, Навоий вилоятининг географик жиҳатдан қулай жойлашгани Марказий Осиё ва қўшни бозорларга тез ва самарали чиқиш имконини беради.
Томонлар фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, технологиялар трансфери ва мутахассислар малакасини ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашди. “Searle” компанияси мутахассисларининг Навоий вилоятига ташриф буюриб, амалий лойиҳаларни жойида ўрганиши ва техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиши бўйича келишувга эришилди.
Покистоннинг “Getz Pharma” компанияси асосчиси ва бош ижрочи директори Халид Маҳмуд билан кечган суҳбатда Навоий вилоятида замонавий, экспортбоп фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, импорт ўрнини босувчи ва юқори талабга эга дори воситаларини маҳаллийлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Соҳага илғор технологиялар ва халқаро стандартларни жорий этиш орқали маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, замонавий лабораториялар ташкил этиш ва сифат назоратини кучайтириш, фармацевтика соҳаси учун кадрлар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Навоий вилоятини минтақавий фармацевтика хабига айлантириш, экспорт географиясини кенгайтириш, логистика ва таъминот занжирларини такомиллаштириш каби устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида томонлар амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни бошлаш ва ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Ушбу мулоқотлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда Марказий Осиё бозорига йўналтирилган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



