Чехия билан темир йўл ва авиация транспорти йўналишидаги ҳамкорлик янада ривожлантирилади
Февраль 01, 2026. 17:20 • 2 дақ
• 171
ПРАГА, 2 февраль. /“Дунё” АА/. Чехия Транспорт вазирининг халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Микуляш Мислбек билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотда транспорт, логистика ва иқтисодий дипломатия соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Чехия томони Ўзбекистон Элчихонасининг Прагада очилиши икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун муҳим омил эканини таъкидлаб, дипломатик ваколатхонанинг мавжудлиги мувофиқлаштириш жараёнларини енгиллаштириши, иқтисодий ва транспорт дипломатияси йўналишидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилишини қайд этди.
Чехия Транспорт вазирлиги вакили “Škoda Transportation” компаниясининг Ўзбекистонга электр поездларини етказиб бериш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди. Чехия томони мазкур лойиҳани икки томонлама муносабатлар, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик доирасида муҳим стратегик ташаббус сифатида баҳолади. Лойиҳа Чехия ҳукумати, Транспорт вазирлиги ҳамда Европа комиссияси ва Европа инвестиция банки томонидан қўллаб-қувватланаётгани, “Global Gateway” ташаббуси доирасига мос келиши қайд этилди.
Авиация соҳасида Чехиянинг “Omnipol” компанияси томонидан L-410 янги авлод самолётларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликнинг ижобий ривожи қайд этилди. “Omnipol” гуруҳига кирувчи “ERA” компаниясининг Фарғона водийсида аэронавигация хизматлари бўйича тендерда ғолиб чиққани таъкидланди. Чехия томони авиация кадрларини тайёрлаш, ҳаво ҳаракатини бошқариш мутахассислари ва ер хизматлари ходимларини ўқитиш, модулли аэропорт терминалларини қуриш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Ҳозирда Чехия ва Ўзбекистон ўртасида “Qanor Sharq” компанияси томонидан ҳафтасига бир марта амалга ошириладиган мавсумий рейс мавжудлиги, “Uzbekistan Airways”, “Centrum Air” ва “Air Samarkand” авиакомпаниялари иштирокида музокаралар олиб борилаётгани қайд этилди. Бироқ мунтазам рейсларни йўлга қўйиш истиқболлари ҳозирча узоқ муддатли режалар доирасида кўриб чиқилаётгани таъкидланди.
Учрашувнинг алоҳида қисми темир йўл инфратузилмаси ва транзит йўналишларини, Ўрта коридорни ривожлантириш масалаларига бағишланди. Чехия томони Темир йўл саноати корхоналарининг миллий ассоциациясига кирувчи компанияларнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорига чиқишга қизиқишини билдирди.
Логистика ва транспорт коридорлари савдо ривожи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси ўсиб бораётганини ва бизнеснинг барқарор ҳамда прогноз қилинадиган йўналишларга эҳтиёжи мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан хусусий сектор иштирокида икки мамлакат Транспорт вазирликлари ўртасида қўшма ишчи гуруҳ тузиш мақсадга мувофиқ экани айтиб ўтилди.
Учрашув якунида томонлар темир йўл ва авиация транспорти, логистика, интеллектуал транспорт тизимлари ва шаҳар мобиллиги соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга ўзаро қизиқиш билдириб, доимий ишчи мулоқотни олиб боришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
