Токиода япониялик мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимот қилинди
Март 28, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 96
ТОКИО, 29 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Сайтама префектураси туризм бошқармаси билан ҳамкорликда танишув тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Сайтамадаги “Koshigaya Kita High School” мактабининг 30 нафар битирувчи ўқувчиси, ўқитувчилар ҳамда префектура туризм бошқармаси вакиллари иштирок этдилар.
Ташриф доирасида япониялик ёшларга Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти ва таълим туризми имкониятлари ҳақида батафсил тақдимот ўтказилди. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларнинг меъморий обидалари, миллий анъаналари ва ўзбек ошхонасининг бетакрор таомлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Тадбир аввалида ташкил этилган “Сиз Ўзбекистонни биласизми?” мавзусидаги викторина ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхоналар ва қулай транспорт тизимини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.
Учрашув давомида Сайтама префектураси туризм бошқармаси раҳбарияти билан алоҳида музокаралар ўтказилди. Унда Сайтама мактаблари ўқувчилари учун Ўзбекистонга махсус “мактаб саёҳатлари”ни (school trips) ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Япониялик педагогик жамоа ва ўқувчилар Ўзбекистоннинг меҳмондўстлик анъаналарини юқори баҳолаб, бу каби учрашувлар икки халқ ёшлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси