Ўзбекистон ва Покистон тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Апрель 13, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 128ИСЛОМОБОД, 13 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва экспортчилари уюшмаси раиси Тариқ Маҳмуд Бҳатти билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот давомида томонлар икки томонлама алоқаларни жадаллаштириш йўлларини, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишлаб чиқаришга инновацион ечимларни жорий этиш масалаларини кўриб чиқдилар. Тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш учун янги каналлар яратиш ҳамда қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Дипломат мамлакатимизда ғўза етиштиришдан тортиб, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ циклнинг қамраб олинишига қаратилган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Суҳбат давомида Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 16 январдаги енгил саноатда қайта ишлаш қувватларини ривожлантиришга доир фармонининг аҳамияти таъкидланди.
Ушбу ҳужжат маҳаллий брендларнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга замин яратиб, соҳанинг хорижий капитал учун жозибадорлигини сезиларли даражада оширди. Чет эллик шерикларга юртимизда амал қилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
Ўз навбатида, Тариқ Маҳмуд Бҳатти Покистон ишбилармон доиралари Ўзбекистон бозорига унинг қулай географик жойлашуви ва ишончли инвестиция муҳити сабабли катта қизиқиш билдираётганини қайд этди. У тўқимачилик индустрияси минтақа иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айланганини урғулади. Уюшма аъзолари полиэстер ва сунъий толали газламалар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этишга сармоя киритиш, шунингдек, мавжуд ишлаб чиқариш майдонларини модернизация қилиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув якунида Покистон делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Сафар дастуридан тегишли идоралар вакиллари билан учрашувлар, тадбиркорлар билан «B2B» форматидаги тўғридан-тўғри музокаралар ҳамда йирик соҳавий кластерлар фаолияти билан танишиш ўрин олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

