Покистонда тўқимачилик соҳаси мутахассислари учун ўзбек тили курслари ташкил этилади
Апрель 10, 2026. 15:52 • 2 дақ
• 81
ИСЛОМОБОД, 10 апрель. /“Дунё”/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Institute of Contemporary Studies Pvt. Ltd.” компаниялар гуруҳи раҳбари Надим Кияни билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Надим Киянининг сўзларига кўра, унинг компанияси Покистон, Ўмон ва Туркияда “American Lytcetuff DNK School System” бренди остида 80 дан ортиқ мактабларни, 88 та касбий таълим муассасасини бирлаштирган Халқаро кўникмаларни ривожлантириш коллежи тармоғини бошқариб келмоқда.
Покистон томони Ўзбекистон тўқимачилик секторини қўллаб-қувватлашга алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Ушбу индустриядаги бой тажрибадан келиб чиқиб, компания ўз мутахассислари учун махсус ўзбек тили курсларини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Лойиҳадан кўзланган мақсад – таълим олган малакали кадрларни кейинчалик Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарига жалб қилишдир. Мазкур курсларда дарс бериш учун Ўзбекистондан танлов асосида тажрибали филологларни таклиф этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, “Institute of Contemporary Studies Pvt. Ltd.” Ўзбекистонда хусусий мактабгача таълим муассасалари ҳамда АКТ, меҳмонхона сервиси ва соғлиқни сақлаш йўналишларида касбий маҳоратни ривожлантириш марказларини очиш имкониятларини ўрганмоқда.
Учрашув якунида Покистон компанияси делегациясининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Ташриф доирасида тегишли вазирлик ва идораларда муҳокама қилинган ташаббусларни амалий амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси