Хитойдаги кўргазмада “Made in Uzbekistan” бренди кенг намойиш қилинди
Март 21, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 202
ХАНЧЖОУ, 21 март. /“Дунё” АА/. Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган “Export to China” кўргазмасида Ўзбекистонда ишлаб чиқилган маҳсулотлар намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Шанхайдаги бош консулхонаси ҳамда Хитойнинг “Shanghai Vostosun Industrial Co Ltd” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада 75 мамлакатдан 350 нафардан ортиқ ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Вакилларимиз тадбир давомида “Made in Uzbekistan” бренди остида юртимизда ишлаб чиқарилаётган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни намойиш этди. Ўзбекистонга ажратилган павильондан озиқ-овқат, салқин ва спиртли ичимликлар, ширинликлар, заъфарон, дон маҳсулотлари, сопол ва бошқа маҳсулотлар жой олди.
Кўргазманинг очилиш маросимида ХХР тижорат вазири Ван Вэнтао ва Чжэцзянь провинцияси партия котиби Ван Хао иштирок этди. Расмийлар Ўзбекистон маҳсулотларига катта қизиқиш билдириб, сифат ва талаб жиҳатдан юқори даражада эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида маҳаллий ишбилармонлар билан В2В форматида учрашувлар ўтказилиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси