Бухорода бошланган лойиҳа Германияда янги иш ўринларини очмоқда
Апрель 07, 2026. 18:49 • 2 дақ
• 296
БЕРЛИН, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Бухоро шаҳрида амалга оширилган тажриба лойиҳаси натижасида кўплаб ўзбекистонликлар Германияда гўштни қайта ишлаш соҳасида иш билан таъминланмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу амалиётни мамлакатнинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев ҳамда Германиянинг “Premium Food Group” менежери Томас Фёрстер ўртасида келишув имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Бухорода таълим олаётган юз нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси 2026 йилдаёқ Германияда иш билан таъминланади. Келгусида бундай ўқув дастурларини Нукус ва Термиз шаҳарларида ҳам йўлга қўйиш, битирувчиларни юқори маошли иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган.
Қайд этилишича, “Premium Food Group” Германиядаги йирик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, 160 дан ортиқ корхонани бирлаштиради. Компания гўштни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларига ихтисослашган.
Амалга оширилаётган мазкур лойиҳа кадрлар тайёрлаш жараёнини иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжлари билан уйғунлаштирган самарали ҳамкорлик моделига айланмоқда. Бухорода бошланган тажриба хорижда талаб юқори бўлган касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш ва уларни кейинчалик иш билан таъминлашда янги ёндашув сифатида баҳоланмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси