Logo

Қишлоқ хўжалигида илғор тажриба ва янги технологиялар намойиш қилинди

Февраль 07, 2026. 16:10 • 2 дақ

107
Қишлоқ хўжалигида илғор тажриба ва янги технологиялар намойиш қилинди
Қишлоқ хўжалигида илғор тажриба ва янги технологиялар намойиш қилинди
Қишлоқ хўжалигида илғор тажриба ва янги технологиялар намойиш қилинди

ИЗМИР, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Измир шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли “International Agriculture & Livestock Exhibition” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон Фермерлар кенгаши аъзолари ҳам фаол иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур кўргазма қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасидаги замонавий технологиялар, инновацион ечимлар ва илғор агротехник тажрибаларни намойиш этишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистондан ташриф буюрган 74 нафар фермер кўргазмада бевосита қатнашиб, қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида жорий этилаётган замонавий технологиялар, юқори унумдор ускуналар, уруғчилик, суғориш тизимлари, агрохимия, рақамли агротехнологиялар ҳамда чорвачиликдаги илғор ечимлар билан яқиндан танишди. Бу фермерларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий ёндашувларни тўғридан-тўғри ўрганиш имконини берди.

Кўргазма доирасида ғаллачилик ва пахтачилик соҳаларида Туркия тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Туркия қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялар, юқори ҳосилдор навлар, механизация даражаси, агротехник жараёнларни рақамлаштириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича эришган ютуқлар ўзбекистонлик фермерларда катта қизиқиш уйғотди. Томчилатиб суғориш, аниқ меъёрда ўғитлаш, тупроқ таҳлили асосида ишлаш каби амалиётлар батафсил ўрганилди.

Ғаллачилик йўналишида юқори ҳосилдор ва қурғоқчиликка чидамли навлар, замонавий уруғ экиш агрегатлари, минерал ўғитларни аниқ тақсимлаш ускуналари ҳамда йиғим-терим техникаси билан танишилди. Бу тажрибаларни жорий этиш орқали ер унумдорлигини ошириш, сув ва ўғит сарфини камайтириш ҳамда ҳосилдорликни ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Пахтачилик соҳасида томчилатиб суғориш, юқори самарали терим машиналари, агротехник жараёнларни оптималлаштириш ҳамда пахта хомашёсидан қўшимча қиймат яратиш бўйича илғор ечимлар ўрганилди. Туркия тажрибасида пахта етиштиришда сув тежамкор усуллар, механизация ва агрохизматларни комплекс ташкил этиш орқали таннархни сезиларли даражада пасайтиришга эришилгани таъкидланди.

Кўргазма доирасида фермерлар хорижий компаниялар, агротехнология ишлаб чиқарувчилари ва сервис провайдерлар билан тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказиб, ускуналарни етказиб бериш, тажриба алмашиш ва келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Айрим компаниялар томонидан Ўзбекистонда пилот лойиҳаларни амалга ошириш ва агротехнологияларни жорий этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Кўргазма якунларига кўра, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши аъзолари томонидан Туркиянинг илғор агротехнологияларини босқичма-босқич жорий этиш, фермерлар ўртасида тажриба алмашиш семинарларини ташкил этиш, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва пилот лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш