Ашхободда Навоий ва Бобур таваллудига бағишланган тадбир ўтказилди
Февраль 09, 2026. 14:59 • 59 сония
• 79АШХОБОД, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Ашхобод шаҳридаги Туркман миллий жаҳон тиллари институтида буюк ўзбек шоирлари, мутафаккир ва давлат арбоблари Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунларига бағишланган маданий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда институт профессор-ўқитувчилари, тарихчи олимлар, адабиётшунослар ҳамда Ашхободда фаолият юритаётган дипломатик миссиялар вакиллари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Навоий ва Бобурнинг беқиёс адабий мероси беш асрдан ортиқ вақт давомида инсониятни эзгуликка ва маънавий камолотга чорлаб келаётганини таъкидлади. Ушбу икки буюк сиймо ижоди туркман ва ўзбек халқлари ўртасидаги мустаҳкам маънавий кўприк ва минтақа халқларини бирлаштирувчи умумий маданий мерос сифатида эътироф этилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида институт талабалари мутафаккирларнинг ғазал ва рубоийларини ўзбек, туркман, инглиз ва рус тилларида маҳорат билан ўқиб берди.
Шунингдек, Навоий ва Бобур асарлари асосида тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Концерт дастурида ижро этилган классик мусиқа намуналари ҳамда икки халқнинг анъанавий рақслари тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.
Мазкур маданий-адабий тадбир Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Иштирокчилар бундай маънавий-маърифий учрашувлар ёш авлодни миллий анъаналарга ҳурмат ва бағрикенглик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





