Исломободдан муносабат: Ўзбекистон етакчисининг давлат ташрифи покистонликлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеадир
Февраль 09, 2026. 12:35 • 3 дақ
• 74
ИСЛОМОБОД, 9 февраль. /“Дунё” АА/. “Умумий келажак жамияти” таҳлил маркази раҳбари Халид Таймур Акрам “Дунё” АА учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича фикр билдирди:
– Ўзбекистон Президентининг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи биз покистонликлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган тарихий воқеадир. Бу ташрифни фақат расмий дипломатик протокол доирасидаги тадбир сифатида эмас, балки умумий тарих, муштарак маданий қадриятлар ва асрлар давомида шаклланган самимий биродарлик муносабатлари билан боғланган яқин дўстнинг ташрифи сифатида қабул қилдик.
Президент Шавкат Мирзиёев шахси Покистон жамоатчилиги учун Ўзбекистон раҳбари сифатидагина эмас, балки минтақавий барқарорлик, очиқ мулоқот ва ўзаро ишончга асосланган сиёсатни илгари сураётган давлат арбоби сифатида яхши таниш. Шу маънода, мазкур ташриф икки томонлама муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Президент Асиф Али Зардорий ҳамда бошқа юқори мартабали расмий шахслар билан бўлиб ўтган музокаралар жуда мазмунли, ўзаро ишонч ва конструктив руҳда кечди. Учрашувлар давомида сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-логистика боғлиқликни мустаҳкамлаш ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим келишувларга эришилди.
Айниқса, Ўзбекистон–Покистон бизнес-форумида Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Давлатингиз раҳбари фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва чарм саноати, озиқ-овқат қайта ишлаш, энергетика ҳамда логистика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ ва амалий таклифларни илгари сурди. Покистонлик инвесторлар учун яратилаётган қулай инвестиция муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ишончим комилки, ушбу имкониятлар покистонлик ишбилармон доиралар томонидан фаол тарзда қўллаб-қувватланади. Чунки Покистон томони Ўзбекистон билан яқин дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодий шерикликни стратегик даражага кўтаришдан чуқур манфаатдор.
Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистонни модернизация қилиш, очиқ ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш ҳамда давлат бошқарувини ислоҳ этиш бўйича аниқ, изчил ва прагматик йўлни белгилаб берди. Бугун Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам хорижий инвесторлар, сайёҳлар ва халқаро ҳамжамият вакиллари ишонч билан қараётган, ҳамкорликка интилган давлатга айланди.
Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон ўзининг аниқ стратегик қараши, қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган фаол сиёсати ҳамда минтақавий барқарорлик ва тараққиётга қўшаётган ҳиссаси билан етакчи ўринни мустаҳкамлаб бормоқда. Бу Покистон учун ҳам Ўзбекистонни ишончли ва узоқ муддатли стратегик шерик сифатида кўриш имконини янада оширади.
Умид қиламанки, Покистон келгусида ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда ишончли ҳамкор сифатида қолади. Ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатлар уйғунлигига асосланган Покистон–Ўзбекистон муносабатлари келгуси йилларда янада юксак босқичга кўтарилиши шубҳасиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
