Logo

Анқарада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун ифторлик ташкил этилди

Март 10, 2026. 09:19 • 2 дақ

162
Анқарада ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун ифторлик ташкил этилди

АНҚАРА, 10 март. /“Дунё” АА/. Туркия пойтахтида “Renaissance Holding” компаниясининг “Ой ва юлдуз қароргоҳи” лойиҳаси бўйича меҳнат қилаётган 220 нафар ўзбекистонлик учун ифторлик ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ифторлик давомида Фарғона шаҳар имом-хатиби Жўрабек Раҳмонов иштирокчиларга мамлакатимиз раҳбарияти томонидан меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, хориждаги ватандошларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон дипломатлари иштирокчилар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг таклиф ва фикрлари, мавжуд муаммоларини тинглади. Ватандошлар томонидан меҳнат шароитлари, ҳуқуқий жиҳатлари ва консуллик хизматлари фаолиятига оид саволлар ўртага ташланиб, уларга атрофлича тушунтириш берилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга ўзбек миллий таомлари тортилди Бундай учрашувлар ватандошлар ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамлаши таъкидланди.

Юртдошлар мамлакат раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, ўтказилаётган маънавий-маърифий учрашувлар ва ифторликлар, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларга миллий-диний қадриятларни етказиш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар учун миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунида меҳмонларга муборак Рамазон ойи муносабати билан эзгу тилаклар изҳор этилиб, хорижда қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, ҳуқуқий ҳимоя масалалари бўйича тавсиялар берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш