Эйндховен кўргазмалар залида ўзбек маданияти бурчаги ташкил этилди
Декабрь 10, 2024. 11:21 • 47 сония
• 414
ЭЙНДХОВЕН, 11 декабрь. /"Дунё" АА/. Нидерландиянинг Эйндховен кўргазмалар залида 8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куни муносабати билан ўзбек маданияти бурчаги ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Нидерландия жамоатчилиги вакиллари, ушбу мамлакатда яшаётган ва таълим олаётган юртдошларимиз иштирок этди.
Йиғилганларга Ўзбекистон Конституцияси тарихи, ушбу сана 1992 йилдан буён юртимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши таъкидланди. Шунингдек, 2023 йил апрель ойида Ўзбекистонда умумхалқ референдуми ўтказилгани, унинг натижасида мамлакатимизнинг Асосий қонуни янги таҳрирда қабул қилингани маълум қилинди.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида она юрти билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш муҳимлиги урғуланди. Қайд этилганидек, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимиз салоҳиятини мамлакатимиз тараққиётига йўналтириш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан биридир.
Кўргазмада ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва либослари намойиши этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси