Лондонда молия соҳасидаги етакчи халқаро компания билан ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди
Январ 09, 2026. 12:21 • 54 сония
• 112
ЛОНДОН, 10 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов “Bloomberg” компаниясининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар бўйича директори Саллианна Тейлор билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбатдош молиявий либерализация бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. “Bloomberg” ўзининг турли платформалари орқали инвесторлар эътиборини ривожланаётган бозорларга, жумладан, Марказий Осиё минтақасига қаратаётгани айтилди.
Учрашувда алоҳида эътибор “Bloomberg”нинг Ўзбекистон билан капитал бозорларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятларига қаратилди. Молиявий соҳада фаолият юритувчи ходимлар малакасини ошириш, семинар ва қўшма ўқув-дастурларини ташкил этиш борасида фикр алмашилди.
Хориж томони мазкур йўналишларда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини маълум қилди.
“Bloomberg L.P.” молия, дастурий таъминот, маълумотлар ва медиа йўналишида фаолият юритувчи глобал компания. Таҳлил, акциялар савдоси платформаси каби молиявий дастурий воситалар, корпоратив иловалар, маълумот хизматлари ҳамда ахборот маҳсулотларини тақдим этади. Компания таркибига “Bloomberg News” АА, “Bloomberg Television” телевидение тармоғи, “Bloomberg Radio” радиостанциялари, “Bloomberg Businessweek” ва “Bloomberg Markets” журналлари, турли веб-сайтлар ҳамда обуна асосида тақдим этиладиган ахборотномалар киради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси