Logo

Таиланд Миллий кутубхонасига Ўзбекистонга оид китоблар топширилди

Апрель 11, 2026. 14:00 • 2 дақ

112
Таиланд Миллий кутубхонасига Ўзбекистонга оид китоблар топширилди

БАНГКОК, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Бангкокдаги бош консулхонаси томонидан Таиланд Миллий кутубхонасида “Дунё тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси” номли илмий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Мьянма, Саудия Арабистони, Миср ва АҚШнинг Таиланддаги элчихоналари раҳбарлари, БМТнинг ESKATO ташкилоти вакили, Миллий кутубхона директори, Таълим вазирлиги ҳамда етакчи университетлар ходимлари иштирок этди.

Шунингдек, маданий учрашувда Шайхул-Ислом ва Олий Патриарх идоралари мутасаддилари, сиёсий, маданий ва сайёҳлик соҳалари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ватандошлар ҳам қатнашди.

Ўзбекистон вакиллари томонидан Таиланд Миллий кутубхонаси фондига Ўзбекистон тарихи, маданияти ва халқимизнинг буюк аждодлари меросини акс эттирувчи 77 та китоб топширилди.

Юртимизнинг Бангкокдаги бош консули “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” мега-лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти – WOSCU кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳа дунёнинг турли мамлакатларидан 300 дан ортиқ нуфузли тарихшунос ва шарқшунос олимлар ташаббуси билан йўлга қўйилган бўлиб, Париж шаҳрида рўйхатдан ўтган.

Бош консул Ўзбекистон давлатчилиги тарихи уч минг йилдан зиёд эканини таъкидланиб, халқимизнинг буюк алломалари – Амир Темур, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Абу Райҳон Беруний, Имом ал-Бухорий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ҳам маълумот берилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Сурхондарё вилоятидаги буддавийликка оид тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш ишлари амалга оширилаётгани ҳам таъкидланди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиевнинг видео мурожаати намойиш қилинди. Шу билан бирга, “Маданий келажак”, “Ренессанс” ҳамда Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида видеороликлар тақдим қилинди.

Учрашувда сўзга чиққанлар Ўзбекистонни минтақанинг муҳим маданий марказларидан бири сифатида эътироф этиб, унинг жаҳон илм-фани ва маърифат тараққиётига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Айниқса, Буюк Ипак йўли орқали Осиё ва Европа халқлари ўртасидаги маданий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш