Logo

Бельгия матбуоти: Амир Темур Шарқ ва Ғарбни боғлаган буюк тарихий шахс

Апрель 11, 2026. 15:00 • 3 дақ

63
Бельгия матбуоти: Амир Темур Шарқ ва Ғарбни боғлаган буюк тарихий шахс

Брюссель, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Бельгиянинг нуфузли “Eureflect.com” электрон нашрида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан буюк бобокалонимизнинг халқаро майдондаги нуфузига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, инсоният тарихи шуни кўрсатадики, ҳар қандай буюк цивилизация интеллектуал ютуқлар, маънавий қадриятлар ва бой маданий мерос уйғунлигида шаклланади. Марказий Осиё азалдан ана шундай тамаддунлар бешиги бўлиб, у ерда илм-фан, санъат ва фалсафа тараққий этган, бутун инсоният тараққиётига таъсир кўрсатган.

Марказий Осиё тарихида алоҳида ўрин тутган муҳим шахслардан бири Амир Темурдир. У жаҳон тарихида буюк давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида тан олинган. XIV аср охири ва XV аср бошларидаги мураккаб сиёсий вазиятда у Ҳиндистондан то Яқин Шарққа қадар чўзилган улкан ҳудудни бирлаштириб, мустаҳкам давлат барпо этди.

Темур сиёсатининг асосий устунларидан бири дипломатия эди. У Европа давлатлари – Франция, Англия ва Кастилия билан самарали алоқалар ўрнатган. 1402 йилдаги Анқара жангидаги ғалабаси эса Шарқ ва Ғарб ўртасидаги сиёсий мувозанатни ўзгартирди. Самарқандга ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо унинг давлатини юқори даражада ривожланган, тартибли ва меҳмондўст деб таърифлаган.

Мақола муаллифининг фикрича, Самарқанд Темур даврида нафақат сиёсий, балки иқтисодий ва маданий марказга айланди. Бу ерда турли халқ вакиллари яшар, ҳунармандчилик, савдо ва меъморчилик юқори даражада ривожланган эди. Шаҳарнинг боғлари, суғориш тизимлари ва бозорлари унинг фаровонлигини намоён этарди.

Амир Темур давлат бошқарувида ҳам ўзига хос тизим яратди. Унинг “Темур тузуклари” асарида давлатни бошқаришнинг асосий тамойиллари баён этилган. Унга кўра, давлат тўрт асосга кенгаш, муҳокама, режа ва қатъиятга таянади. Давлат ишларининг асосий қисми ақл ва маслаҳат билан ҳал қилиниши лозимлиги таъкидланган бўлиб, бу бошқарувда адолат ва мувозанатнинг муҳимлигини кўрсатади.

Темурийлар даврида бу анъаналар янада ривожланди. Хусусан, Мирзо Улуғбек даврида илм-фан юксак чўққига кўтарилди. У қурдирган расадхона ва олиб борган илмий тадқиқотлар жаҳон астрономияси ривожига катта ҳисса қўшди. Бу давр Марказий Осиёда Иккинчи Ренессанс сифатида эътироф этилади.

Бугунги кунда ана шу бой мерос Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида жамланган. Марказда Темурийлар даврига оид ноёб экспонатлар сақланади. Улар орасида “Бойсунғур Қуръони” номи билан машҳур бўлган қўлёзма алоҳида аҳамиятга эга. Бу асар нафақат диний, балки юксак бадиий қимматга ҳам эга бўлиб, хаттотлик санъатининг ноёб намунасидир.

Шунингдек, марказда Темурийлар даврига мансуб тилсимли кўйлак ҳам намойиш этилган. У Қуръон оятлари ва муқаддас исмлар билан безатилган бўлиб, у замонда инсонни илоҳий ҳимоя билан таъминлаш мақсадида яратилган. Бу экспонат ўша даврдаги маънавий дунёқараш ва санъатнинг ўзаро уйғунлигини яққол намоён этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш