Хивада бошланган халқаро лазги фестивалида 30 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашмоқда
Апрель 28, 2026. 10:59 • 2 дақ
• 239ТОШКЕНТ, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Хивада бошланган 3-халқаро лазги рақси фестивалида Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Қирғизистон, Бразилия, Япония каби 30 дан ортиқ давлатдан 300 нафардан ортиқ раққоса, профессионал рақс жамоалари, хореография санъати усталари, мусиқашунослар, санъатшунослар, маданият арбоблари ва экспертлар иштирок этмоқда.
Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги хабарига кўра, тадбир доирасида халқаро рақс танлови ҳам ўтказилади.
“Ушбу фестивалда иштирок этиш биз учун катта шараф. Бу ерга ўз санъатимиз ва рақсга бўлган муҳаббатимизни намойиш этиш учун келдик. Бу гўзал шаҳарда янги дўстлик орттириб, улар билан яқиндан муносабат ўрнатганимиздан жуда мамнунмиз”, дейди рақс танловида иштирок этган Хитойнинг “Beijing Dance Academy” ансамбли мураббийи У Шуай.
Нашрда ёзилишича, ушбу халқаро тадбирга давлат раҳбари ҳам бефарқ эмас. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида ўтказилаётган “Лазги” III халқаро рақс фестивали иштирокчиларини мусиқа ва санъат байрамининг очилиши билан табриклаган.
Таъкидлаш керакки, Хоразм лазги рақси ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида эътироф этилган.
3-халқаро лазги рақси фестивали 30 апрелга қадар давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

