Истанбулда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Май 12, 2025. 10:42 • 2 дақ
• 118
ИСТАНБУЛ, 13 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон делегациянинг Туркияга ташрифи доирасида Сабаҳаттин Заим номидаги Истанбул университетида маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, "Тараққиёт стратегияси" маркази, Бош консулхонаси ходимлари, ўзбек санъати усталари ва Туркияда таҳсил олаётган ватандош талабалар иштирок этди.
Ўзбекистон бош консули Шерзод Абдуназoров ўзининг табрик нутқида ўзбек халқининг бой маданий ва маънавий мероси, буюк аждодларимиз Ибн Сино, Беруний, Алишер Навоий ва Амир Темурнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ёшларга, айниқса, хорижда таҳсил олаётган талабаларга доимий эътибори, таълим сифатини ошириш, ёшлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон "Тараққиёт стратегияси" маркази раҳбари Элдор Туляков ўз навбатида, йиғилганларни "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти ва устувор йўналишлари билан таништирди.
Тадбирнинг маданий қисмида Ўзбекистон санъат усталари Зуҳра Ашурова ва Тожибар Азизова иштирокида маданий дастури тақдим этилди. Шунингдек, ватандош талабаларнинг юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва туристик салоҳиятига бағишланган чиқишлар иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.
Мамлакатимиз дипломатлари тадбир доирасида мазкур университет ректори Ахмет Жеват Ажар билан алоҳида учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Сабаҳаттин Заим университети ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзбекистонлик талабаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзбек маданияти ва анъаналарига бағишланган тадбирларни биргаликда ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси