Logo

Тошкентда "Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак" мавзусида халқаро конгресс бошланди

Ноябрь 13, 2025. 16:57 • 5 дақ

306
Тошкентда "Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак" мавзусида халқаро конгресс бошланди

Тошкент, 13 ноябрь. /"Дунё" АА/. Пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида "Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак" мавзусидаги халқаро конгресс бошланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли форумда дунёнинг турли минтақаларидан 300 нафарга яқин олим, санъатшунослар ва таълим соҳаси вакиллари қатнашмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига қутлов сўзи йўллади:

"Муҳтарам конгресс иштирокчилари!

Бугунги мураккаб даврда, дунёда зиддият ва можаролар кучайиб бораётган бир пайтда, тарихдан сабоқ олиш, тинчлик ва барқарорликни асраш, барча соҳаларда илм ва маърифатга таяниш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш – энг долзарб вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда.

Ишончим комилки, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бугунги форум илмий ва маданий мулоқот учун самарали майдонга айланади.

Конгресс доирасида янги илмий-тадқиқот ва маърифий лойиҳалар ишлаб чиқилади, улар давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда маънавий-маданий ришталарни янада кучайтиришга хизмат қилади, деган умиддаман.

Барчангизга соғлик, янги ютуқлар ва эзгу фаолиятингизда муваффақият тилайман, конгресс ишига эса самарали натижалар тилайман".

Конгресс халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакилларини, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжондан келган олимлар ва санъат арбобларини бирлаштирди.

Тадбирнинг асосий мақсади – минтақамиз халқларининг маънавий ва илмий меросини уларнинг бирлиги, ҳамкорлиги ва барқарор тараққиёти асоси сифатида таҳлил қилишдир. Шунингдек, барча давлатларнинг умумий маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб этишга қўшаётган ҳиссаси, илм-фан, таълим ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш бўйича халқаро ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилади.

Конгресснинг айнан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши рамзий аҳамиятга эга. Бу ноёб мажмуа минтақанинг уч минг йиллик тарихи, Ренессанс даврлари ва Янги Ўзбекистон тараққиётини мужассам этган. Марказ цивилизация меросини ўрганиш, ёшларни тарбиялаш ва халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш майдони бўлиб хизмат қилмоқда.

Конгресс олдидан энг муҳим воқеалардан бири Тошкент шаҳрида ислом тарихининг энг улуғ ва муқаддас қўлёзмаларидан бири — Ҳазрати Усмон (р.а.) даврида кўчирилган Усмон Мусҳафини Ҳазрати Имом мажмуасида жойлашган "Мўйи муборак" мадрасаси музейидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кўчирилди. Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилган. Шу муносабат билан Муфтият ҳам ўз фаолиятини энди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида давом эттиради.

Марказий Осиё мамлакатларида бугунги кунда таълим ва фан соҳасида сезиларли ютуқлар кузатилмоқда. Олимлар ўртасида янги ҳамкорлик форматлари шаклланмоқда, академик алмашинувлар ва илмий ташаббуслар ривожланмоқда. Бу ишлар маданий меросни асраш ва замонавий гуманитар фикрни илгари суришга қаратилган. Кўплаб лойиҳалар турли мамлакат олимлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Конгресснинг бошланишида иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари билан танишдилар. Марказ қурилиши ва унинг ички мазмунига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Очилиш маросимидан кейин ялпи муҳокамалар бўлиб ўтди. Давлат идоралари, илмий муассасалар ва маданият арбоблари ўртасида кенг мулоқот ташкил этилди. Унда умумий тарихий меросни асраш, замонавий ҳамкорлик шаклларини излаш ва маънавият ғояларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиё ва Озарбайжон маданият вазирлари минтақавий маданий маконни ривожлантириш, қўшма фестиваллар ва кўргазмалар уюштириш, моддий ва номоддий меросни жаҳон миқёсида тарғиб этиш бўйича ташаббусларини тақдим этишди.

Диний соҳалар вакиллари иштирокида исломнинг маърифий миссияси, ёшларни бағрикенглик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, замон талабларига мос диний таълим тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Фанлар академиялари президентлари учрашувида илмий ҳамкорликнинг янги йўналишлари, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш ва археология ҳамда тарих соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Миллий музейлар раҳбарлари иштирокида музей фаолиятини рақамлаштириш, экспозиция яратишда замонавий ёндашувларни жорий этиш ва профессионал тажриба алмашиш ташаббуслари муҳокама қилинди.

Миллий киноагентликлар раҳбарлари билан бўлиб ўтган муҳокамаларда кино санъатини ривожлантириш, буюк тарихий шахсиятлар ва маданий мерос ҳақида қўшма фильмлар яратиш ҳамда ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувларга эришилди.

Биринчи куннинг марказий мавзуларидан бири ёшлар сиёсати бўлди. Ёшларни маънавий етуклик, ватанпарварлик ва ижодкорлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш масалалари муҳокама этилди.

Бадиий академиялар раҳбарлари санъат ва дизайн соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, ижодий таълим тизимини такомиллаштириш ва замонавий бадиий маконни шакллантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ёзувчилар уюшмалари раҳбарлари адабий алоқаларни мустаҳкамлаш, бадиий таржима мактабларини қайта тиклаш ва ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ташаббусларини илгари сурдилар.

Миллий кутубхоналар раҳбарлари иштирокида рақамли кутубхона платформалари яратиш, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва ахборот ресурслари алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бу муҳокамалар Марказий Осиё ва Озарбайжон халқлари ўртасида маънавий ҳамкорликнинг янги саҳифасини очди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган конгресс минтақанинг тарихий бирлигини, маданий меросининг бойлигини ва маърифий салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Таклиф этилган ғоя ва ташаббуслар барқарор тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва маънавий юксалиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Конгресс дастури доирасида қуйидаги тадбирлар ҳам ўтказилмоқда: "Марказий Осиё тарихий мероси: ягона ўтмиш – умумий келажак" тарихчилар форуми; "Марказий Осиё: буюк ўтмиш ва буюк келажак" бадиий кўргазмаси; "Миххат ёзувидан рақамли архивларгача: Марказий Осиё кутубхоначилиги истиқболлари"; "Тирик тарих" халқаро кино форуми ҳамда "Ёшлар ва рақамли давр: қадимий қўлёзмалардан сунъий интеллектгача" мавзусидаги шўъба йиғилишлари.

"Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак" халқаро конгресси 15 ноябрга қадар давом этади. Тадбир Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш