Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 15 декабрни Бутунжаҳон туркий тиллар куни деб эълон қилди
Ноябрь 04, 2025. 20:18 • 2 дақ
• 285
3 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида ташкилотга аъзо давлатлар томонидан Бутунжаҳон туркий тиллар кунини эълон қилиш ташаббуси бир овоздан маъқулланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон томонидан ЮНЕСКОга аъзо 26 та давлат ҳаммуаллифлигида илгари сурилган.
Бутунжаҳон туркий тиллар кунини нишонлаш санаси сифатида 15 декабрь белгиланди. Тарихга назар ташласак айнан шу куни 1893 йилда даниялик олим Вилгелм Томсен туркий тилларнинг келиб чиқишидан далолат берувчи энг қадимий ҳужжатлардан бири – Орхон ёзувлари алифбосини ўқиганлигини эълон қилган.
Бош конференция қарорида таъкидланишича, туркий тиллар ЮНЕСКОга аъзо бир нечта давлатлар ҳудудида, яъни тахминан 12 миллион квадрат километр майдонда яшовчи 200 миллиондан ортиқ киши учун она тили ҳисобланади.
Бутунжаҳон туркий тиллар кунининг эълон қилиниши, тил ва маданий хилма-хилликни, минтақавий ва глобал ҳамкорликни, туркий халқларнинг оғзаки анъаналари ва ўзини намоён этиш шаклларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, шунингдек, ЮНЕСКОнинг ушбу соҳалардаги устуворликларини амалга оширишга кўмаклашади.
Ушбу ташаббус, шунингдек, туркий тиллар бўйича тадқиқотларни фаол ривожлантириш, ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш, туркий тилда сўзлашувчи давлатларнинг маданий ва ҳужжатли меросини оммалаштириш учун янги туртки бўлиб хизмат қилади.
Режалаштирилишича, Бутунжаҳон туркий тиллар кунини нишонлаш доирасида туркий тилларнинг маданий ва ижтимоий қадрини намойиш этувчи ва уларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида хабардорликни оширувчи турли маданий тақдимотлар ва тадбирлар ўтказилади, жумладан, кўргазмалар, маърузалар, адабий кечалар, бадиий чиқишлар ташкил этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси