Тошкентда заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар ва олмосларни сертификатлашга ихтисослашган Ўзбекистон–Исроил геммология маркази очилди
Февраль 03, 2026. 15:32 • 2 дақ
• 126ТЕЛЬ-АВИВ, 3 февраль. /“Дунё” АА/. Кеча Тошкентда заргарлик буюмлари, қимматбаҳо тошлар ва олмосларни сертификатлашга ихтисослашган “GCI Gemological Centers Uzbekistan” геммология марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу марказ мамлакатимизнинг Исроилдаги элчихонаси кўмагида 2025 йил август ойида Тель-Авив шаҳрида Исроилнинг “GCI Gemological Centers Ltd.” компанияси ва Ўзбекистоннинг “Expert One” МЧЖ ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилди.
“GCI Gemological Centers Ltd.” бош офиси Тель-Авивда жойлашган бўлиб, асосан қимматбаҳо тошларни экспертизадан ўтказиш, баҳолаш ва сертификатлаш бўйича халқаро миқёсда тан олинган хизматларни тақдим этади. Компания геммология соҳасида профессионал мутахассислар тайёрлайди.
“GCI” Тошкент филиалининг очилиш маросимида Исроил элчиси Гидеон Лустиг, “New Uzbekistan” Ўзбекистон–Исроил савдо-инвестиция уйи президенти Наргиза Қодирова, компания расмий вакиллари иштирок этди.
Исроиллик вакилларнинг таъкидлашича, марказнинг очилиши Ўзбекистонда заргарлик соҳасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси бўлди. Қимматбаҳо металлар ва тошлар бозорини либераллаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш мамлакатни соҳанинг етакчи глобал иштирокчилари учун жозибадор ҳамкорга айлантирмоқда.
Тошкентдаги янги марказ комплекс гемологик тадқиқотлар ўтказиш, халқаро “GCI” сертификатларини бериш ва заргарлик саноати мутахассислари учун таълим дастурларини амалга оширади. У компаниянинг Марказий Осиёдаги биринчи ва дунёдаги учинчи филиалига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




