Тошкентда “Соғлиқни сақлаш - TIHE 2026” 30-юбилей кўргазмаси ўз ишини бошлади
Апрель 28, 2026. 12:40 • 2 дақ
• 302ТОШКЕНТ, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2026” 30-юбилей Тошкент халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
28–30 апрель кунлари бўлиб ўтадиган ушбу халқаро кўргазма давлат тузилмалари, дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари, тиббиёт мутахассислари ва халқаро экспертларни бирлаштирган ҳолда мамлакат тиббиёт соҳасининг асосий касбий тадбири ҳисобланади. Ташкилотчилар – “Iteca Exhibitions” ва “ICA Eurasia Group” компаниялари.
Кўргазмада Германия, Ҳиндистон, Хитой, Корея Республикаси, АҚШ, Туркия ва бошқа 20 мамлакатдан 300 дан ортиқ компания ва брендлар иштирок этмоқда. Унда Германия, Ҳиндистон, Хитой ва Латвиянинг миллий павильонлари, Беларус ва Россиянинг жамоавий экспозициялари намойиш этилмоқда.
Кўргазма диагностика ва лаборатория ускуналаридан тортиб жарроҳлик, реанимация, офтальмология ва юқумли касалликлар назорати учун ечимларгача бўлган кенг кўламли йўналишларни қамраб олади. Фаол ривожланаётган эстетик тиббиёт сегментига алоҳида эътибор қаратилди.
Кўргазма билан бир вақтда илмий-амалий семинарлар, тақдимотлар ва профессионал мунозараларни ўз ичига олган бой ишбилармонлик дастури ташкил этилди. Муҳокамаларнинг асосий мавзулари соғлиқни сақлашнинг рақамли трансформацияси, сунъий интеллектни жорий этиш ва электрон фармацевтикани ривожлантириш бўлади.
“Соғлиқни сақлаш – TIHE” кўргазмаси 1995 йилдан буён ўтказиб келинмоқда ва шу вақт ичида Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги инновацияларни намойиш этиш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантириш учун етакчи халқаро платформалардан бирига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

