Logo

Ўзбекистонда Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади

Апрель 17, 2026. 18:44 • 2 дақ

508
Ўзбекистонда Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади

ТОШКЕНТ, 18 апрель. /“Дунё” АА/. 20–24 апрель кунлари Республикамиз бўйлаб Халқаро анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Шу муносабат билан фестиваль ташкилотчиси Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида ташкилотчилар мазкур фестиваль миллий санъатимизнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган бой меросини тарғиб этиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитиш, ижодий алмашинув, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Шу билан бирга, фестиваль доирасида ташкил этиладиган учрашувларда турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга, жаҳон миқёсида ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилиши қайд этилди.

Санъат ихлосмандлари беш кун давомида юртимиз ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган санъат усталарининг беназир санъат намуналаридан баҳра олиб, ижодий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўлади.

Шунингдек ўқинг

 Бу йил фестивалда маҳаллий ижодкорларимиз қаторида Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Франция, Руминия, Россия ҳамда ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо давлатларидан таниқли рассомлар иштирок этиши режалаштирилган.

Фестиваль давомида турли кўргазма ва маҳорат дарслари, маданий учрашув ва илмий конференциялар, икки томонлама меморандумлар имзоланиши ҳам кўзда тутилган.

Ушбу маданий тадбирларда профессионал ижодкорлардан ташқари, тасвирий ва амалий санъат йўналишидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш рассомлар ҳам иштирок этиб, ўз қобилиятини намойиш этиш имконига эга бўлади. Ёш ижодкорларга тажрибали рассомлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилади.

Доимгидек, бу галги фестивалда ҳам “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати танлови ташкил этилиб, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Rakhataliyeva

rakhataliyeva@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш