ЖИДУда “UWED Career Week 2026” карьера ҳафталигининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Апрель 21, 2026. 17:20 • 2 дақ
• 23ТОШКЕНТ, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун Жаҳон иқтисодиёти va дипломатия университетида анъанавий “UWED Career Week 2026” карьера ҳафталигининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир талабаларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, таълим тизими ва меҳнат бозори ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳафталик доирасида талабалар ва битирувчилар, давлат органлари, хусусий сектор, банк соҳаси ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Тадбирда 40 дан ортиқ етакчи компания ва 20 га яқин давлат ташкилотининг қатнашиши режалаштирилган бўлиб, бу эса касбий алоқаларни кенгайтириш ва ишга жойлашиш имкониятларини яратади.
Очилиш маросими доирасида “Олий таълим ва меҳнат бозорининг трансформацияси” мавзусида панель муҳокамаси ташкил этилди.
Унда ҲР ва инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирок этди. Панель муҳокамасига ЖИДУнинг рақамли трансформация ва иқтисодий масалалар бўйича проректори Музаффар Жалолов модераторлик қилди.
Ҳафталикнинг асосий тадбирларидан бири — икки кунлик бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб, унда:
-биринчи куни хусусий ва халқаро компаниялар;
-иккинчи куни давлат ташкилотлари иштирок этади.
Талабалар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, дастлабки суҳбатлардан ўтиш ҳамда карьера имкониятлари ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, дастур доирасида ўқув тренинглари ва воркшоплар, “Startupers School” очилиши, Жаҳон иқтисодий форуми симуляциясини ўз ичига олган “Global Shapers Forum” ҳамда банк ва корпоратив сектор вакилларининг меҳмон маърузалари ташкил этилиши режалаштирилган.
“UWED Career Week 2026” карьера ҳафталиги талабалар учун амалий кўникмаларни шакллантириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва муваффақиятли касбий фаолият бошлашлари учун муҳим платформа ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



