Россиядан муносабат: Ўзбекистон минтақанинг транспорт-логистика харитаси белгиланадиган марказга айланмоқда
Декабрь 30, 2025. 14:08 • 2 дақ
• 103
МОСКВА, 30 декабрь. /“Дунё” АА/. МДҲ мамлакатлари институти Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими бошлиғи, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими Андрей Грозин Ўзбекистон Президентининг парламент ва халққа йўллаган Мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:
– Фикримча, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси нафақат келажак учун қўйилган қадам, балки Ўзбекистонни модернизация қилишда ўзига хос дастуриламал бўлди.
Ўзбекистон аҳоли сони, йирик иқтисодиёти, минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни, географик жиҳатдан марказий жойлашуви жиҳатидан Марказий Осиёнинг асосий таянч давлати ҳисобланади.
2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон етакчиси минтақада совет ҳокимияти давридан бери бўлмаган кенг кўламли ўзгаришлар бошланганини эълон қилди. Ўзбекистон иқтисодиётида жиддий ислоҳотлар бошланди. Тошкент Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш фойдали ва хавфсиз эканини бутун дунёга яққол намойиш этмоқда.
Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича рағбатлантирувчи чора-тадбирлар ўз самарасини берди: Ўзбекистон Президенти Мурожаатномада иқтисодиётда мисли кўрилмаган натижаларга эришилганини қайд этди.
Бугунги кунда Ўзбекистон том маънода бутун минтақанинг транспорт-логистика харитаси белгиланадиган ва шакллантириладиган марказга айланди. Мурожаатномада кўрсатилган республика транспорт тизимини янада ривожлантириш йўллари Ўзбекистоннинг бутун минтақанинг транспорт-логистика маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш, унинг янги ташқи ва ички сиёсати бутун Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий ривожланишини жиддий жадаллаштиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон раҳбарининг мамлакат ҳар қандай вазифани фақат халқ бирдамлигига таянган ҳолда ҳал этиши мумкинлиги ҳақидаги фикрини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Ўзбекистон Президенти мамлакат халқи тарихан барча мураккаб даврларда, аввало, бирдамлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга таяниб яшаганини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси