Logo

Жакартада Ўзбекистон ва Индонезия футзал федерациялари раҳбарлари учрашди

Февраль 05, 2026. 10:23 • 2 дақ

93
Жакартада Ўзбекистон ва Индонезия футзал федерациялари раҳбарлари учрашди

ЖАКАРТА, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси Индонезияда ташкил этилган Осиё чемпионатида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

 “AFC Futsal Asian Cup 2026” тадбири доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари қатор учрашувлар ўтказди.

Жумладан, 3 февраль куни Жакарта шаҳрида Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбари Беҳзод Маматқулов бошчилигидаги делегация Индонезия футзал федерацияси раиси Майкл Сианипар билан учрашди.

Музокаралар давомида футзал йўналишида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, ёшлар спортини қўллаб-қувватлаш, ўқув йиғин машғулотларини ўтказиш ҳамда халқаро мусобақалар ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Майкл Сианипар ўзбек футболининг охирги йилларда қўлга киритган ютуқлари ҳамда ФИФА рейтингида ўз мавқени мустаҳкамлаб бораётганини юқори баҳолаб, миллий жамоамиз Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани билан табриклади. 

Мулоқот чоғида Осиё мамлакатлари иштирокида футзал бўйича “U-20” халқаро мусобақасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Қайд этилишича, мазкур чемпионат ёш спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, халқаро тажриба алмашиш ҳамда минтақада футзални янада оммалаштиришга хизмат қилади. Мусобақани Осиё футбол конфедерацияси (AFC) ҳомийлигида ўтказиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар, мураббийлар ва ҳакамлар учун қўшма ўқув дастурлари ташкил этиш, спортчилар ўртасида ўртоқлик учрашувларини ўтказиш ҳамда техник ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олди.

Учрашув доирасида футзал соҳасидаги ҳамкорликни институционал даражада мустаҳкамлаш, ёшлар билан ишлаш тизимини ривожлантириш ҳамда спорт дипломатияси орқали Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ҳамда Осиё минтақасида футзални барқарор ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш