Ўзбекистон IT соҳасининг имкониятлари Парижда тақдим этилди
Декабрь 01, 2024. 01:58 • 2 дақ
• 154
ПАРИЖ, 1 декабрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонасида "Ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва сунъий интеллект соҳасидаги тенденция ва имкониятларни ўрганиш учун давлат ва хусусий шерикликни уйғунлаштириш" мавзусида Ўзбекистон IT соҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Франциянинг "Bek Advisory" компанияси ва "IT Park Uzbekistan" ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда илмий доиралар вакиллари, компания ва Франциянинг IТ соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев ўз нутқида йиғилганларга мамлакатимиз ҳукумати томонидан юртимизда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўзлаб берди. Юртимизда сўнгги беш йилда телекоммуникация ва IT компаниялар сони 1,8 баробар ошгани, 2023 йил бошидан буён республикада 12 мингдан ортиқ АКТ корхоналари фаолият кўрсатаётгани, ушбу жабҳада 100 мингдан ортиқ киши ишлаётгани қайд этилди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2019 йилда IT Park ташкил этилгани, унинг асосий вазифалари таълим, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, тегишли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, ўз инфратузилмасини яратиш эканлиги таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимизнинг турли шаҳарларида ўқув марказлари, бизнес марказлари, офис ва турар-жой биноларига эга IT-шаҳарчалар барпо этилаётгани, IT Park резидентлари сони йилдан-йилга жадал ўсиб бораётгани билдирилди.
"IT Park Uzbekistan" вакиллари тадбирда онлайн шаклда тақдимот ўтказдилар. Унда Тошкент шаҳридаги "IT Park Uzbekistan" ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришнинг муҳим маркази ҳисобланиши ва давлат томонидан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар доирасида фаолият юритаётгани таъкидлади.
"Bek Advisory" компанияси директори Ойбек Содиқов сўнгги йилларда Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида сезиларли ривожланиш кузатилаётганини қайд этди. Бу йўналиш иқтисодиётни модернизация қилиш ва унинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини оширишга қаратилган давлат стратегиясининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Тақдимот иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва улар ушбу тадбир Ўзбекистон ва Франция ўртасида IT технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишда боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
"Банкимиз "Bek Advisory" билан катта иштиёқ билан ишлайди ва уларнинг инновацион лойиҳаларига хизмат кўрсатади. Бугун Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтган тақдимотда Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш, мамлакатингиз ҳукуматининг ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббуслари, IT парклар учун тақдим этилган кафолатлар ҳақида кўплаб маълумот олиш учун ажойиб имкониятга эга бўлдик", - деди "LCL" банки ходими Жоаким Готье.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади