Logo

Ўзбекистон ва Покистон банклари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадамлар муҳокама қилинди

Март 29, 2026. 11:30 • 3 дақ

57
Ўзбекистон ва Покистон банклари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги қадамлар муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 29 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакатимиздаги йирик молия муассасаларидан бири — “Асакабанк” акциядорлик жамияти ва Покистоннинг етакчи молиявий институтларидан бири бўлган “Синд банки” вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон-Покистон банклараро муносабатларини ривожлантириш, миллий тўлов тизимлари соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, молия муассасалари ўртасида илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Замонавий банк хизматлари, рақамли технологияларни жорий этиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Покистон вакилларининг айтишича, “Синд банки” 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, Синд вилояти ҳукуматига қарашли ҳудудий банк ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур банк мамлакат бўйлаб 330 дан ортиқ филиалларга эга бўлиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кенг кўламли молиявий хизматлар кўрсатиб келмоқда. Банкнинг асосий мақсади ҳудудий иқтисодиётни ривожлантириш ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Покистон томонига Ўзбекистонда банк тизимини ислоҳ қилиш, соҳани модернизация қилиш ва халқаро стандартларга мос равишда ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди. Хусусан, банклар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, замонавий инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида урғуланди.

Шунингдек ўқинг

“Асакабанк” АЖ фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, мазкур банк Ўзбекистондаги энг йирик давлат банкларидан бири бўлиб, молиявий хизматларнинг деярли барча турларини таклиф этади. Банк мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқлари – саноат, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда.

“Асакабанк” вакиллари хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтиришга катта аҳамият қаратаётганликларини, жумладан, Покистон молия муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Музокаралар давомида миллий ва хорижий валюталарда ҳисоб варақлар очиш орқали корреспондентлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари учун банк хизматларини кенгайтириш имкониятлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Бу каби амалий механизмлар савдо операцияларини соддалаштириш ва ўзаро ҳисоб-китобларни самарали ташкил этишга хизмат қилиши қайд этилди.

Умуман олганда, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги молиявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, банклар ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштириш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари учун қулай шароит-шароитлар яратишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш